2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти «Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолаганди. Ушбу таълим соҳасидаги янгилик кўпчиликни қувонтирди, негаки, йиллар давомида педагогика йўналишида ишлаб келаётган олий маълумоти йўқ ўқитувчи ва тарбиячилар учун ишидан ажрамаган ҳолда олий таълим муассасасида сиртдан ўқиш имконияти пайдо бўлди.

Ташаббус ва таклиф қанчалик чин дилдан амалга оширилган бўлса, унинг ижроси ҳам мамлакат равнақига ҳисса қўшар даражада аниқ ва сифатли бўлишини кутгандик. Аммо... Ташаббуснинг муаммога сабаб бўлаётган жиҳати шундаки, ана шу махсус сиртқи таълимда ўқиш имкониятини қўлга киритиш учун педагог муайян талабларга жавоб берадиган даражада ҳужжатларни тайёрлаши, сўнгра тавсиянома сўралади. Хусусан, номзоднинг маълумоти ўрта-махсус бўлиб, иш жойида педагогика йўналишида камида 3 йил ишлаган бўлиши шарт. Шунингдек, номзоднинг иш жойи яшаш ҳудудидан узоқлиги, ўрта-махсус маълумотини тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган аъло баҳолар, иш жойидаги педагогик кенгашнинг тавсияси ҳамда айни муассасанинг олий маълумотли кадрга эҳтиёжига ҳам эътибор қаратилади.

Номзод барча сўралган ҳужжатларни тайёрлаб, ўзи меҳнат қилиб келган туман Халқ таълими бўлимига тақдим этиши, сўнгра тузилган маҳаллий комиссия томонидан кўриб чиқилган аризалар талабларга мос келса, вилоят Халқ таълим бошқармасига юборилиши белгиланганди. Шу тарзда босқичлар якунига кўра, номзод олий таълим муассасасида ўқиш учун тавсияга эга бўлиши таъкидланган. Бевосита юқорида айтиб ўтганимдек, ихтилофларнинг барчаси маҳаллий тузилган комиссия томонидан аризаларни кейинги босқичга ўтказишда пайдо бўлмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилган педагогларнинг айтишича, туман ХТБда тузилган комиссия аъзолари ҳужжатларни қасддан вилоят Халқ таълим бошқармасига юбормаяпти. Оқибатда, номзоднинг ўқиш имконияти автоматик тарзда йўқолиб, гарчи барча талабларга жавоб берса ҳам рад жавобини олади.

Kun.uz мухбири мазкур масала юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушган Фарғона вилоятига бориб, воқеага ойдинлик киритиш мақсадида суриштирув ўтказди. Аниқланишича, вилоятнинг айрим туманларида тавсиянома беришда номзоднинг битирган билим юрти, эгаллаган мутахассислиги, ҳозирда мутахассислик бўйича лавозими, асос қилиб олинмаган. Бундай ҳолатлар Ёзёвон, Учкўприк, Ўзбекистон туманларида кузатилган бўлиб, номзодларга билдирилган раддияларга асоссиз равишда сабаблар келтирилмаган.

«Менинг ҳужжатларим туман ХТБ комиссияси томонидан кўриб чиқилгач, вилоятга юборилмаган экан. Буни кейинроқ билдим, аммо нега юборилмагани очиқланмади: барча мезонлар бўйича тўлиқ мос тушган эдимку?», дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Учкўприк туманидаги 26-мактабда ишлаб келаётган ўқитувчи.

«Барча сўралган қоғозларни йиғиб, туман ХТБ комиссиясига топширдим. Орадан бироз фурсат ўтгач, натижалар эълон қилинди, лекин ҳужжатлар «​вилоятга етиб келмаган»​ важи билан мен рўйхатдан тушиб қолганман. Бунақа муносабатни кўриб ҳайрон қолдим, туман ХТБ мудираси эса рўйхатда бор эдинг, дея қайтариб юборди. Ўзим ҳам тушунмайман, бу ерда бошқа гап борми?!», дейди Ўзбекистон туманидаги 34-МТМ мусиқа тўгараги раҳбари Жўраева Гулбаҳор.

«Ҳар бир киши ўз салоҳияти ва кучи билан муваффақиятларга эришади, бунга ҳар бир номзод ҳақли. Аммо менинг ҳужжатларим низом талабларига мос келган ҳолда вилоят Халқ таълим бошқармасига юборилмагани, устига-устак ХТБ мудири Охунов Мўсажон аканинг қизи бундай имкониятга эга бўлиб кетгани кишида шубҳа пайдо қилмоқда. Президент катта имконият яратиб берса-ю, туманнинг ўзида мана шундай шубҳали ишлар содир бўлса, келгусида ишга нисбатан ҳафсаламиз совиб қолади-ку?», дейди Ёзёвон туманида Ҳотамова Ҳаётхон.

«​Мен 3 кун рўёдаги рўйхатни кутиб Фарғона шаҳрига қатнадим. Уйда фарзандларим, парваришдаги турмуш ўртоғимни ташлаб «​пуч ёнғоққа тўлган қўйним»​ билан ижобий натижани кутдим. Маълум бўлдики, тумандагилар менинг ҳужжатимни юбормабди, талабларни кўрганман, барчасига мос келадиган равишда тайёрланган эди. Нега қолдириб юбориши мумкин», дейди ўн беш йиллик иш тажрибасига эга Қўқон шаҳридаги 22-мактаб ўқитувчиси Жўраева Маъмура.​

Махсус сиртқи таълимда ўқиш истагини билдирган номзодларнинг кўпчилиги нега туман ХТБда тузилган комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилган ҳужжатлар вилоятга тақдим этилмаганини билмайди. Ваҳоланки, Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармаси кадрлар масаласи билан шуғулланувчи бўлим вакилининг сўзларига кўра, номзодларнинг ҳужжатлари тумандан келмаган. Табиий савол пайдо бўлади: ё туман ҳужжатларни қасддан юбормаган, ёки вилоят мана шундай «арзон» важ билан барча муаммони ўзидан соқит қилиб қўймоқда. Нима бўлганда ҳам номзодларнинг тавсиянома орқали олий таълим муассасида сиртдан ўқиш учун ҳужжатларни топшириши жуда кўп шубҳали вазиятлар «​болалашига»​ сабаб бўлмоқда. Қолаверса, Kun.uz мухбири​нинг Халқ таълими вазирлигидан мазкур комиссия фаолияти ва саралаш мезонлари тартиби баён этилган маълумотларни минг уринишлар билан қўлга кирита олмагани бу вазиятга алоҳида эътибор зарурлигини англатади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ҳар қандай ёпиқ кўринишда амалга оширилган ҳаракат, тафсилотлари ошкор этилмай бажарилган саралашлар жамиятни коррупция сари бошлаб боради. Жамоатчилик назоратидан йироқда бўлган амаллар кишида шубҳа пайдо қилиши