2050 йилга бориб Қозоғистон аҳолисининг сони 24 миллион кишидан ошиши кутилмоқда. Бу ҳақида Tengrinews.kz ҚР Меҳнат ва ижтимоий ҳимоялаш вазирлигининг матбуот хизматига асосланиб хабар берди. 

Ҳозирги демографик тенденциялар сақланиб қолган тақдирда, жанубий минтақалар аҳолиси сони 5,2 миллион кишига кўпаяди, аҳоли зичлиги эса шимолий вилоятларга қараганда тўрт карра кўп бўлади. Меҳнат ва ижтимоий ҳимоялаш вазири Тамара Дуйсенова ҳукумат йиғилишида шундай баёнот билан чиқди. 

"Жанубий минтақаларда (Олмаотани инобатга олмаганда) аҳолининг 38 фоизи яшайди, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги (ЯҲМ) улуши эса бор-йўғи 17 фоизни ташкил қилади. Шимолий минтақаларда 29 фоиз аҳолига 25 фоиз ЯҲМ тўғри келади... Инвестицион иқлимни яхшилаш мақсадида бу йил Қозоғистоннинг миграцион қонунчилигига меҳнат миграциясига доир тузатишлар киритилди", - дея маълум қилди Меҳнат ва ижтимоий ҳимоялаш вазирлиги матбуот хизмати.

Тавсия этилаётган концепция лойиҳаси мамлакатдаги, дунё иқтисодиётидаги вазиятлар таҳлилини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. 

"Агар юқорида қайд этилган чоралар самара берса, у ҳолда рақобатбардош мутахассислар илм-фан ва инновациялар шаклланаётган жойларда ишлашлари мумкин, шундан кейин мамлакатдаги тадбиркорликнинг ўсиши кутилади", - дея таъкидлашди вазирликда.