Европа чемпионатлари ўзининг қизиқарли ва томошабоп ўйинлари билан бизни ҳар доим ўзига ром этиб келган. Бундай томошабопликка киритилган чиройли голлар ҳам сезиларли ҳисса қўшади. Tribuna.Uz ушбу ҳафтадан бошлаб Европа чемпионатларида киритилган энг чиройли голлар ўнлиги билан таништириб боради.

10-ўрин. Янги лойиҳанинг 10-поғонасини «Барселона» яримҳимоячиси Паулиньо очиб беради. Каталония клубига ўтиши турли ҳазиллар билан қарши олинган Паулиньо бу голи орқали нафақат «Барселона»га ғалаба келтирди, балки ўзида бўлган босимдан ҳам қайсидир маънода халос бўлди. Шу боисдан ҳам камида муҳимлик жиҳатидан бу гол ўнликка киришга муносиб эди.

9-ўрин. Ҳафтанинг энг кўп тилга олинган футболчиси «Женоа» ҳужумчиси Пиетро Пеллегри. XXI асрда туғилиб битта учрашувда дубль қайд этган илк футболчига айланган Пеллегри нафақат натижаси билан, балки киритган голи билан ҳам ўзига хос «ҳит-парад»имиздан жой эгаллади.

8-ўрин. Марио Балотеллининг Евро-2012 ярим финалида Германияга қарши ўйини унинг фаолияти чўққиси дейишади. Ўтган ҳафтада «Бало» Францияда ҳам худди ўша машҳур голига ўхшаш гол киритиб, жамоасига ғалаба келтирди. Ажаб эмас, 5 йил олдинги голини ёдга олган футболчи, ўша даврдаги формаси эсига тушиб, яна ёрқин футбол кўрсата олса.

7-ўрин. Чердан Шақирининг энг асосий қуролларидан бири узоқ масофадан берадиган зарбалари бўлиб келган. Бу сафар ҳам швейцариялик футболчи бу имкониятдан фойдаланди, афсуски бу гол унинг жамоасига ҳеч қандай наф келтирмади.

6-ўрин. Испания Кубоги финалида Марк Бартрадан қочиб кетгани уни мухлислар учун шу қадар манзур қилдики, Бэйл мунтазам жароҳат олганида ҳам унинг манзилига танқидлар кўп бўлмади. Маълум вақт ўтиб, Бэйл ўзининг ўша машҳур ёввойи тезлигини эслаб қолди. У тезлик олганда эса «Сосьедад» даражасидаги ҳимоячи фақат бечора аҳволга тушиб қолиши мумкин эди.

5-ўрин. Пауло Дибала «Ювентус» таркибида 50-голини урди. Ушбу юбилей голни нишонланган ўйинда у иккита чиройли гол урди. Улардан бирини бугунги лойиҳамизга киритмасликнинг иложи йўқ эди. Дибала хунук гол уришни яхши билмайди ўзи.

4-ўрин. Италиянинг энг ҳужумкор жамоаси «Наполи» бу сафар А Серия дебютанти «Беневенто» клубини аяб ўтиришмади. Киритилган 6 голдан энг чиройлисини Лоренцо Инсинье ижросида кузатдик.

3-ўрин. Учликни Серхио Агуэро очиб беради. «Манчестер Сити» таркибида ўнинчи ҳет-трикини амалга оширган аргентиналик ҳужумчи учинчи голида ўзини ватандоши Мессидек ҳис қилиб юборди. Тўрт рақибни ортда қолдирган Кун дарвозабоннинг ёнгинасидан бўш қолган ҳудудни топиб дарвозани аниқ нишонга олди.

2-ўрин. Япониялик Гаке Шибасакининг голи ҳафтанинг энг чиройли голи ҳам бўлиши мумкин эди. «Барселона» дарвозасига урилган гол дарҳақиқат чиройли, чиқди. Бироқ якунда у «Хетафе»га ҳеч қандай натижа келтирмади. Шу боисдан ҳам биз бу голни 2-поғонага жойлаштирдик.

1-ўрин. Tribuna.Uz янги лойиҳасининг илк ғолиби — Антонио Валенсия «Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси учрашувнинг бошиданоқ мезбонларга устунлик берувчи голни киритди. Гол нафақат чиройи, балки ўз вақтида киритилиб, ўта муҳим аҳамият касб этгани учун ҳам рейтингнинг энг юқори поғонасидан жой олди. Чунки айнан мана шу тезкор гол Муориньо жамоасига ўйинни хотиржам ўтказиш имкониятини тақдим этди.

Бонус
Владимир Козак. Европа чемпионатларида чиройли голларни тез-тез учратиш мумкин. Аммо ора-орада ўзимизда ҳам шу каби чиройли голлар учраб туради. Ўтган ҳафтада «Пахтакор» яримҳимоячиси Владимир Козак «Шўртан» дарвозасига шундай голлардан бирини киритди. Бугунги голлар ўнлигига бонус бўла оладиган зарбани томоша қилинг.

Азамат Муродов тайёрлади.