БМТ инсонпарварлик ташкилотлари Мьянмадан Бангладешнинг Кокс бозор минтақасига кириб келаётган роҳингя мусулмонларига гуманитар ёрдамларни фаоллаштирди. БМТ қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси бу ердаги фаолиятини кучайтиришда давом этмоқда. Гуманитар ташкилотлар маълумотларига кўра, 25 августдан буён Бангладешга келганлар сони 421 мингдан ортган. Уларнинг сони ҳар куни 20 минг кишига ортмоқда. Умуман, мамлакатда 600 мингга яқин роҳингялар бор. 

БМТ қочқинлар масалалари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси матбуот котиби Дуни Аслам Хоннинг айтишича, агентлик ходимлари Кокс Бозор яқинидаги Кутупалонг қочқинлар лагерини кенгайтириш устида иш олиб бормоқда. 

Бангладеш ҳукумати шу мақсадда 810 гектар ер майдони ажратган. Бу яна 150 минг қочқинни жойлаштириш имконини беради. Аслам Хоннинг қайд этишича, янги келганлар совқотишдан азият чекмоқда. Шу билан бирга кўп сонли инсонлар бир жойда туриб қолиши оқибатида турли касалликлар келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. 

Шу билан бирга, унинг қўшимча қилишича, Бангладеш ҳукумати қочқинларни биометрик рўйхатдан ўтказа бошлаган. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам қочқинларга тиббий ёрдам бериш бўйича фаол ишларни амалга оширмоқда. Шифокорлар ва тиббий ёрдам кўрсатишни молиялаштириш мақсадида молиявий маблағлар ажратган. 

"Сўнгги кунларда ЖССТ Бангладеш соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда 6 ойликдан 15 ёшгача бўлган болаларни оммавий равишда қизамиқ, қизилча ва қоқшолга қарши эмлаш бўйича иш олиб бораяпти", — деган ЖССТ матбуот котиби Фадела Чаиб. Унинг сўзларига кўра, Кокс Бозорга етиб келган 380 мингдан ортиқ қочқин тўйиб овқатланмаслик, сув, руҳий муаммолар ва жароҳатлар туфайли турли касалликлардан азият чекмоқда.