Агар АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан ядровий келишувдан воз кечса, у ҳолда бу Қўшма Штатларга  "қиммат"га тушиши мумкин. БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йоркка келган Эрон президенти Ҳасан Руҳоний CNN телеканалига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди. 

Руҳонийнинг сўзларига кўра, АҚШнинг келишувдан чиқиши қимматга тушади. Эрон президенти "америкаликлар ўзларига фойда келтирмайдиган нарса учун бундай "баланд нарх" тўлашни исташмайди", деб ҳисоблайди. 

Унинг айтишича, агар АҚШ президентининг маъмурияти ядровий келишувдан чиқса, бу  халқаро ҳамжамиятнинг Вашингтонга бўлган ишончига путур етказади. 

Руҳоний Аракан штатидаги воқеаларга тўхталар экан, роҳингя-мусулмонларининг оммавий ўлдирилиши учун Мьянма ҳукуматини жавобгарликка тортиш кераклигини таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, Аракан мусулмонларига гуманитар ёрдамни Мьянмага эмас, Бангладешга йўллаш керак. Бундай ёрдам бугунги кунда Аракан мусулмонлари яшаб келаётган қочқинлар лагерларига бевосита етказилиши керак.