Вазирлар Маҳкамасининг 2.09.2017 йилдаги 691-сон қарори билан 2017—2019 йилларда «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм» ва «Паркент-фарм» ЭИЗ ҳудудларида транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ишлаб чиқариш инфратузилмаларини жадал ривожлантириш дастури маъқулланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Ҳужжат автомобиль йўллари, сув таъминоти, канализация ва ирригация тизимлари, электр, газ таъминоти ва телекоммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлашни кўзда тутади. Ҳаммаси бўлиб дастурга умумий молиялаштириш миқдори 29 млрд. сўмдан ортиқ  69 та лойиҳа киритилган.
 
Эслатиб ўтамиз, илгари шу мазмундаги ҳужжат “Ургут” ЭИЗ, “Ғиждувон” ЭИЗ, “Қўқон” ЭИЗ ва “Ҳазорасп” ЭИЗга нисбатан қабул қилинган эди.
 
Қарор билан ваколатли органларга тегишли топшириқлар берилган ҳамда қатор ташкилий масалалар тартибга солинган.