Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 697-сон қарори билан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Талабалар илмий-маърифий марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф маъқулланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Ҳужжатда Марказнинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Хусусан, Марказ ёшларнинг илмий-тадқиқот олиб бориши учун илмий мунозара-клублар шакллантириш, ёшлар томонидан ишлаб чиқилган дастурий маҳсулотларга муаллифлик гувоҳномаларини расмийлаштириш, оммалаштириш ва тижоратлаштириш жараёнларида кўмаклашиш, маҳаллий ва хорижий етук мутахассислар иштирокида масофавий онлайн маҳорат дарслари ўтказиш билан шуғулланади.
 
Белгиланишича, Марказ ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари қўлланилади.
 
Марказ қурилиши учун Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Талабалар шаҳарчаси ҳудудидаги Университет кўчаси бўйидан 3 гектар ер майдони ажратилади. Қурилиш ва жиҳозлаш ишлари 2018 йил 1 сентябргача тугалланиши лозим.
 
Марказ фаолиятини илмий-методик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, халқаро алоқаларни ривожлантириш, ёшларнинг илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш бўйича барча олий таълим муассасалари илмий ишлар бўйича проректорлари Кенгаши ташкил этилади.
 
Ҳужжат 2017 йил 11 сентябрда кучга кирди.