Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудларида, жумладан Жиззах ва Термиз шаҳарларида Ягона биллинг (тўлов) тизими ишга туширилди. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Коммунхизмат» агентлиги раҳбари Нодир Ҳожамов Kun.uz'га маълумот берган.

Бир неча ойлар давомида Осиё Тараққиёт банкининг молиявий кўмаги асосида ишлаб чиқилган лойиҳанинг техник ечимлари Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган. Ягона биллинг тизимнинг қулайлик жиҳати шундаки, унинг марказий ахборотлар омборида барча истеъмолчиларнинг маълумотлари аниқ қайд этиб борилади. Агар қарздорлик ҳолати кузатилса, атрофдаги истеъмолчиларга таъсир қилмаган ҳолда, айнан қарздор истеъмолчига етказиб берилаётган коммунал хизмат вақтинча тўхтатиб қўйилиши мумкин. Бу жараёнларга инсон омили таъсир ўтказмайди.

Мутасадди вакилнинг айтишича, тез орада Жаҳон банкининг молиявий кўмаги билан Самарқанд, Сирдарё ва Бухоро вилоятида ҳам ушбу лойиҳа ишга тушиши кутилмоқда. Шунингдек, 2018 йилнинг сўнгги қадар Республиканинг 8та вилоятида лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Вазирликнинг маълумот беришича, «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» компаниялари билан ҳамкорликда Ягона биллинг тизимини жорий этиш ишлари 2019 йилнинг январь ойига қадар табиий газ ва электр энергиясини етказиб бериш соҳасида ҳам якунга етади.