Ўзбекистон Қозоғистондан темир йўл техникасини сотиб олади. Бу ҳақда “Қозоғистон темир жоли” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

“Қозоғистон темир жоли” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми доирасида стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзоладилар.

Ҳужжат доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон компаниялари икки мамлакат ҳудуди орқали ўтадиган халқаро транспорт йўналишларининг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, темир йўл транспорт воситаларини экспорт қилиш мақсадида узоқ муддатли ҳамкорлик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ниятида. 

Шунингдек, томонлар жорий йил охирига қадар Қозоғистондан Ўзбекистонга 5 минг тонна рельс етказиб бериш бўйича келишувни имзоладилар.

“Қозоғистон темир жоли” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 2020 йилгача 40 минг тонна рельсларни етказиб бериш бўйича узоқ муддатли шартнома имзолашга келишиб олдилар.