Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмлари бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади

Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон фермерлари кенгаши, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, харид қилиш ҳамда хизмат кўрсатиш ташкилотлари, тижорат банклари, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар ва идораларнинг қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш соҳасидаги устувор йўналишлари қуйидагича белгиланди:

биринчидан, тупроқ унумдорлигини чуқур таҳлил қилиш, сув, жойлар ихтисослашуви, экинлар ҳосилдорлиги ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда, минтақаларнинг тупроқ-иқлим шароитига асосланган интенсив технологиялар ёрдамида етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларини, айниқса, сабзавот-полиз маҳсулотлари, мойли ўсимликлар, дуккакли экинлар, ем-хашак экинлари, картошка, боғдорчилик ва узумзорларни оқилона жойлаштириш бўйича самарали таклифларни тайёрлаш;

иккинчидан, фермер хўжаликлари ва экин майдонлари кесимида қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш тизимини жорий этиш, у фермер хўжаликлари ва таъминот ташкилотлари ўртасида шартнома тузиш, моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, молиялаштириш, ўз вақтида ва сифатли агротехника тадбирлари амалга ошириш, ҳосилни йиғиб олиш, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни фақатгина хизмат кўрсатувчи банклар орқали сотишни назарда тутувчи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тўлиқ даврини кўзда тутиши керак;

учинчидан, фермер хўжаликлари ва экин майдонлари кесимида қишлоқ хўжалик экинларини жойлаштиришни самарали рўйхатга олинишини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, маҳсулотни ўз вақтида ва сифатли етиштириш бўйича чоралар мониторинги, агротехника тадбирлари, ҳосилни йиғиш, сотиш бўйича тадбирларни хизмат кўрсатувчи банклар орқали амалга ошириш;

тўртинчидан, фермер хўжаликларига юқори ҳосилдор ва эрта пишадиган қишлоқ хўжалик экинлари навларини танлаш, уларни моддий-техника ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш, фермер хўжаликлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга қизиқишларини ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратишда ёрдам бериш.

Белгиланишича, қишлоқ хўжалиги экинлари майдонларини жойлаштириш қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг тўлқин даврини ўз ичига олади, жумладан:

ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, ер балансига риоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш учун замонавий ва ресурсларни тежовчи технологияларни жорий этиш; 

фермер ва деҳқон хўжаликларининг ихтисослашуви, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, ерларнинг унумдорлиги, уларнинг сув билан таъминланганлиги, ҳосилни таҳлил қилиш ва ҳоказоларни ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш;

фермер хўжаликлари ва сотиб олиш ташкилотлари ўртасида шартнома тузиш, моддий-техника ресурсларини етказиб бериш, молиялаштиришни таъминлаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш;

фермерлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш мониторинги ва ҳисобини юритиш, сотилган маҳсулотлар эвазига олинган даромадларни хизмат кўрсатувчи банкларга топширишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги экинлари жойлаштирилишининг бузилиши, шартнома мажбуриятларининг бажарилмаслиги, фермер хўжаликларини моддий-техника ресурслари билан ўз вақтида таъминламаганлик учун қатъий чоралар кўриш.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан давлат раҳбари расмий сайтида танишиш мумкин.