Америка штатларининг Ирма довулидан талофат кўрган фуқаролари 2 млрд доллардан ортиқроқ маблағни ташкил этаётган суғурта тўловлари учун ариза топширишди. Айни вақтда мурожаат қилганлар сони 300 мингдан ошди, деб хабар қилмоқда Fox News телеканали. 

Маълумотларга кўра, суғурта компанияларига энг кўп мурожаат Флорида штатининг жанубий туманларидан келиб тушган. Етказилган талофатни қоплаб бериш бўйича товон пули сўраб ёзилган аризалар сони ўтган йилги мурожаатлардан ошган. Ўтган йилги Мэттью тўфонидан сўнг 119 минг киши 1,2 млрд долларлик товон пули сўрашган эди.

Телеканалнинг қайд этишича, бу рақамлар ўртача ҳисобланади ва ўсишда давом этади. Fitch халқаро рейтинг агентлиги мутахассисларига кўра, умумий иқтисодий зарар 25-50 млрд долларни ташкил этиши мумкин. Бу эса Америка суғурта компаниялари учун ўзига хос синов бўлади.