Украина президенти Пётр Порошенконинг маълум қилишича, АҚШ сенати томонидан маъқулланган мудофаа бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Украинага 500 млн доллар ажратишни назарда тутади. Бу ҳақда у фейсбукдаги саҳифасида ёзган.

«Ҳозиргина АҚШ сенати «2018 йилги миллий хавфсизлик эҳтиёжлари учун АҚШ бюджети тўғрисидаги Қонун» лойиҳасини маъқуллади. У Украинани хавфсизлик ҳамда мудофаа соҳаларида қўллаб-қувватлаш учун 500 млн доллар ажратилишини назарда тутади», - дея ёзди у.

Президентнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳаси Киевга мудофаа кўринишидаги учар қуроллар етказиб беришга рухсат беради.

«Шунингдек, унда АҚШ мудофаа бюджети маблағларини Қўшма Штатлар тиббий муассасаларида яраланган украиналик ҳарбий хизматчиларнинг реабилитацияси, бизнинг давлатнинг ҳаво ва ҳарбий-денгиз кучлари имкониятларини кучайтириш мақсадида фойдаланишга имкон берувчи бандлар ҳам бор», - дея маълум қилди Порошенко.

Унинг таъкидлашича, илк бор қонунчилик даражасида Украинага ҳаво мудофаасининг радиолокацион воситалари ва сув остидаги вазиятни кузатиш тизимлари, ҳарбий-денгиз миналарга қарши воситалар, қирғоқ яқинида ҳаракатланувчи ва соҳилни қўриқлаш кемаларини тақдим этиш таклиф этилмоқда.

Аввалроқ Украина 2018 йилда мудофаа ва хавфсизлик харажатларини янада ошириши хабар берилганди.