Борган сари кўпроқ ишлаб чиқарувчилар дунёдаги энг илғор электрокарни ишлаб чиқариш пойгасига қўшилмоқдалар. Бу гал Porsche компанияси ўзига эътиборни қаратди. Компания 2015 йилдаёқ The Mission E номли илк электрокарини яратишини эълон қилганди. Машинанинг серияли ишлаб чиқарилиши 2020 йилга белгиланганди, бироқ яқинда шу маълум бўлдики, машина савдода белгиланган муддатдан бир йил аввал пайдо бўлади. 

Ҳашаматли Porsche The Mission E машинаси электр двигателга эга 4 эшикли спорткар бўлиб, ундаги 600 от кучига эга двигатель ва тўлиқ привод унга 100 км/соат тезликка 3,5 сонияда эришишга имкон беради. Бироқ энг ёқимлиси, машина аккумулятори тез қувватлана олади.  Автомобиль батареяси бор-йўғи 15 дақиқа ичида 80 фоизгача тўлади, бундай захира билан 400 км гача йўл босиб ўтиш мумкин. Машина тўлиқ зарядда 435 км йўл ўта олади.  

The Mission E модели Tesla’нинг флагман моделининг асосий рақиби сифатида таснифланмоқда. Porsche президенти Оливер Блум бўлғуси автомобиль нархини эълон қилган. Машина 80 минг доллар туради ва бу Tesla компанияси Model S учун сўраётган 62 минг доллар  нархдан қимматроқдир. 

Машина савдода аввал эълон қилингандек 2020 йилда эмас, балки 2019 йилда пайдо бўлиши кутилмаган хабар бўлган. Бу ҳақда расмий матбуот-анжуман вақтида компания президенти маълум қилган.