Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 сентябрда Олмалиқ шаҳридаги «Олмалиқ ТМК» АЖ бошқарув тизимини янада такомиллаштиришга доир ПҚ-3280 қарорини имзолади. Қарор матни давлат раҳбарининг расмий сайтида эълон қилинди. 

Қарордан кўзланган мақсад акциядорлик жамияти бошқарув тизими ҳамда шу асосда ишлаб чиқариш самарадорлиги, минерал-хом ашё базаси ва ишлаб чиқариш қувватларини барқарор ривожлантириш, рудалар, рангли, қимматбаҳо ва нодир металлар, ички-ташқи бозорларда барқарор талаб бўлган бошқа рақобатбардош маҳсулотларни қазиб олиш ва ишлаб чиқишни кенгайтиришдир.  

Қарор билан «Олмалиқ ТМК» АЖ фаолиятининг асосий вазифа ва йўналишлари ҳам аниқлаб берилган. Хусусан,

Тоғ саноатини юритишни ташкил этишнинг замонавий усулларини жорий этишга қаратилган, минерал-хом ашё базасини кенгайтириш, рангли ва нодир металл конларини ўзлаштириш соҳасидаги ягона техник сиёсатни амалга ошириш, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва уларни қайта ишлаш, рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш асосида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқиш;

Ишлаб чиқаришнинг юқори, барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш мақсадида тузилмавий қайта ташкил этишлар, модернизация ва диверсификациялашни янада чуқурлаштириш, юқори қўшимча қийматли саноат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш;

Барқарор сармоялар, жумладан хорижий инвестицияларни жалб этиш имконини берувчи фаол инвестиция сиёсатини юритиш, янги юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларини ишга туширишни кўзда тутувчи йирик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш;

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босиш ва ички бозорни зарур маҳсулотлар ва бутловчи жиҳозлар билан тўлдириш жараёнини янада чуқурлаштириш кабилар белгиланган. 

Бундан ташқари, Президент қарори билан илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, ишлаб чиқаришга янги технологиялар ва инновациявий ишланмаларни жорий этиш, замонавий ахборот коммуникация технологиялари ва дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш ишлаб чиқариш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини арзонлаштириш, рақобатбардошлигини ошириш ҳамда комбинат молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлашга доир масалалар ҳам белгилаб берилган. 

Қарор билан комбинат бошқаруви раиси акциядорларнинг умумий мажлиси томонидан сайланиши ва Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ҳамда мақоми жиҳатидан вазирга тенглаштирилади. 

Шунингдек, «Олмалиқ ТМК» АЖнинг асосий ишлаб чиқариш бўлимлари томонидан ишлаб чиқариш таннархи ва харажатларини қисқартириш бўйича аниқ чоралар режаси - «йўл харитаси» ҳам маъқулланган.