Грузиянинг собиқ президенти, Одесса вилоятининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили ўз тарафдорлари билан учрашиш мақсадида Киевга келди. Саакашвилининг брифинги Киев марказидаги президент маъмуриятининг биноси олдида хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда ўтди - полициянинг юздан ортиқ ходими маъмурият биноси жойлашган Банковский кўчасини тўсиб қўйди.

 

Украина президенти маъмуриятидаги нақд пул омбори бор

Саакашвилининг таъкидлашича, Украина президенти Петр Порошенко маъмурияти биносининг биринчи қаватида нақд пул омбори мавжуд.

"Улар (ҳукумат) пулни қандай арралашган бўлса, шундай арралашда давом этаверишади. Мана бу бино (президент маъмурияти биноси)нинг биринчи қаватида нақд пуллардан иборат бутун бошли омбор бор. Кейинги сафар ўша ерга борганингизда бир қизиқиб кўринг. Бу у қадар катта сир эмас", - деди Саакашвили сешанба куни Киевдаги брифингда. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари шу ҳақида хабар берди.

Саакашвили 10 сентябрь куни тарафдорларининг қўллаб-қувватлашлари остида "Шегини" пунктидаги чегара назоратидан ўтиб, Польшадан Украина ҳудудига киришга муваффақ бўлди. Унга нисбатан беш модда бўйича, шу жумладан одамларни чегарадан ноқонуний ўтказиш ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қаршилик кўрсатишни ташкиллаштиришга доир тергов иши қўзғатилган.

Фото: Глеб Гаранич/Reuters

Саакашвилининг сўзларига кўра, у чегарани кесиб ўтишда қонунни бузмаган ва судда ўзининг Украина фуқароси эканини ҳимоя қилиш ниятида. У ҳуқуқ ҳимоячилари тинтув пайтида унинг паспортини ўғирлаганликларини таъкидламоқда, бироқ полиция буни инкор этмоқда.

Саакашвилининг адвокати Украина миграция хизматига ўз ҳимояси остидаги шахснинг Украинадан Грузияга экстрадиция қилинишига йўл қўймаслик мақсадида давлатнинг қўшимча ҳимоясига муҳтож инсон сифатида тан олишни сўраб ариза билан мурожаат қилган.

 

Саакашвили Украина фуқаролигини тиклаш  учун курашмоқчи

Михаил Саакашвили ҳеч қандай ҳужжатларга эга эмаслиги боис судда Украина ҳукуматининг уни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорига эътироз билдира олмаётганини қайд этди.

Украина президенти Петр Порошенко Саакашвилини Украина фуқаролигидан маҳрум қилганди. Президент маъмуриятида бу воқеага изоҳ берилишича, Саакашвили фуқароликни олган пайтда ишончсиз маълумотлар тақдим этган. Саакашвилининг ўзи ўша пайт АҚШда бўлган, кейинроқ эса Польша, Литва ва Венгрияда бўлган. Унинг адвокатлари Саакашвилини фуқароликдан маҳрум қилиш қарорига қарши шикоят аризасини топширишлари ҳақида маълум қилишган, бироқ ҳануз бу масалада судга мурожаат қилишмаган.

Фото: Александр Рыбин/ТАСС

"Ҳозир президентнинг қарорига қарши ҳимояланиш учун қўлимда на паспорт ва на бошқа ҳужжатлар бор, ҳеч нарсам йўқ. Айни дамда мен ҳужжатсиз одамман", - деди Саакашвили Киевдаги брифингда.

У журналистлар гувоҳлигида Порошенкога суд қарорини бекор қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этиш сўралган хатни имзолади.

 

Порошенкога нисбатан шахсий адоват йўқ

Бундан ташқари, Михаил Саакашвили Украина президенти Петр Порошенкога нисбатан шахсий адовати йўқлигини маълум қилди.

"Порошенкога нисбатан шахсий адоватим йўқ. Улар икки курсдош бир-биридан аразлаб, мамлакатни парчаламоқчи эканига ишонишни жуда хоҳлашмоқда. Бўлмаган гап. Муаммо Порошенкода эмас, Порошенко — Украинани йўқ қилаётган тизимнинг бир қисми, холос", - деди Саакашвили.

Фото: РИА «Новости»

Шунингдек у Порошенкога АҚШдаги ташрифида омад тилашини таъкидлаган, агар унинг саъй-ҳаракатлари Украинани ривожлантиришга йўналтирилган бўлса, албатта.