Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. ЎзА хабарига кўра, учрашувда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, «Женерал Электрик» компанияси президенти Рон Полетт, «Ханивелл» компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам, «СиЭнЭйч Индастриал» компанияси вице-президенти Стивен Надерни, «Дир энд Компани» компанияси президенти Жеймс Филд иштирок этди. 

Давлатимиз раҳбари ишбилармонларни самимий қутлаб, Ўзбекистон билан Америка Қўшма Штатлари ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишнинг муҳим механизмига айланганини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев Кэролин Лэмм билан суҳбатда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда Маъмурий ислоҳотлар концепцияси қабул қилинганини қайд этди. Бу давлат бошқарувининг янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишга хизмат қилади. 

Мамлакатимизда валюта соҳасида бозор механизмлари жорий этилгани, савдодаги турли тўсиқлар олиб ташлангани, ишбилармонлик ва инвестиция муҳити янада яхшиланаётгани алоҳида таъкидланди. 

Рон Полетт билан мулоқотда Ўзбекистон билан «Женерал Электрик» компанияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, 2018-2025 йилларда Ўзбекистон газ транспорти тизимини техник янгилаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурини амалга ошириш таклиф қилинди. Мамлакатимизда гидроэлектр станциялари қуриш, замонавий тиббий ускуналар ва ёритиш мосламалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. 

Стивен Надерни билан суҳбатда «СиЭнЭйч Индастриал» компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўрим-йиғим, мелиорация ва йўл қурилишида қўлланиладиган, газда ишлайдиган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари эътибор марказида бўлди. 

Жеймс Филд билан мулоқот чоғида «Дир энд Компани» компанияси билан алоқаларни янги босқичга кўтариш, хусусан, мамлакатимизда мева-сабзавотчилик ва узумчиликда қўлланиладиган трактор ва махсус техника воситаларини ишлаб чиқариш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли келишувларга эришишда катта воқеа бўлишини таъкидлади. 

Америка – Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.