АҚШ президенти Дональд Трамп сешанба куни БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлайди. Унда, кутилишича, Эрон ва КХДР атрофидаги глобал муаммолар, шунингдек, БМТни ислоҳ қилиш билан боғлиқ позиция билдирилади.

Душанба куни АҚШ раҳбари қатор давлатлар етакчилари билан учрашув ўтказди ва уларда БМТнинг “самарали ислоҳоти” ҳақида сўз юритди. Учрашув якунлари бўйича иштирокчилар БМТ бош котиби Антониу Гутеррешга ўзгаришларни бошлаш чақириғи билан чиқишди.

Трампнинг Нью-Йоркдаги БМТ бош қароргоҳидаги чиқиши, унинг энг асосий халқаро ташкилот майдончасидаги биринчи нутқи бўлади. АҚШ раҳбари бундан аввал ташкилот обрўсини бир неча маротаба шубҳа остига қўйганди.

БМТни ислоҳ қилиш

Трампнинг нутқига оид баъзи тафсилотлар Оқ уйнинг юқори лавозимли вакили томонидан тақдим этилган.

Фото: AFP

Унинг сўзларига кўра, маъруза “чуқур файласуфона” бўлади.

"Бу маъруза – президентнинг жаҳоннинг барча давлатларига Америка ўзини дунёда қандай кўраётгани, қандай ҳаракат қилаётгани, унинг қадриятлари ва бошқа мамлакатларга муносабати бўйича концепцияси ҳамда декларациясидир. Бу чуқур файласуфона мурожаат бўлади", - дея маълум қилган Оқ уй вакили.

Унинг таъкидлашича, президент "ўз нутқини ёзиш, ривожлантиришга жуда кўп вақт сарфлаган", умуман олганда, у Трампнинг шахсий устувор мақсадларини англатади.

Нутқдаги асосий жиҳатлардан бири - БМТни ислоҳ қилиш бўлади. Трампнинг ўзи кеча бу мавзу ҳақида гапирар экан, БМТни яна буюк қилиш ҳақида сўз юритган.

Фото: AFP

"Ўйлашимча, сигнал бундай: "Бирлашган Миллатларни буюк қиламиз". "Яна" эмас, балки БМТни шунчаки буюк қиламиз. Шундай катта салоҳият. Ўйлашимча, биз бунинг уддасидан чиқамиз", - деди Трамп.

У БМТни ислоҳ қилишга бағишланган форумдаги чиқиш вақтида ташкилотни бюрократизм учун танқид қилди ва 2000 йилдан бери ташкилотнинг молиялаштирилиши 140 фоизга ошганига қарамай, бу керакли натижалар бермаганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, БМТ тўла салоҳиятига эришмади, ҳамда АҚШ ташкилотнинг энг йирик донори сифатида керакли натижаларни кўрмаяпти, шунинг учун ташкилотни ислоҳ қилиш ғоясини қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, Трамп АҚШ БМТга бошқа исталган давлатдан кўпроқ вақт ва маблағ сарфлаётганига эътибор қаратмоқчи бўлган.

Эрон, КХДР ва демократия ҳимояси

Трампнинг нутқидаги яна бир муҳим мавзуга Эрон ва КХДР атрофидаги вазият айланади.

"Нутқда бугунги таҳдидлар – жаҳон барқарорлиги ва тинчлигига хавф солаётган режимлар тилга олинади. У Шимолий Кореядаги режим ҳақида алоҳида гапиради, ҳамда, албатта, Эрондаги режим ҳам эслаб ўтилади", - деган Оқ уй вакили. 

Фото: AFP

Шунингдек, амалдорнинг айтишича, Трамп Венесуэладаги вазият ва терроризм ҳақида гапиради.

АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг сўзларига кўра, нутқнинг бир қисми демократик қадриятларни ҳимоя қилишга бағишланади. "У ўзининг илк чиқишида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш ҳақида сигнал юбормоқчи. У бу қадриятлар ҳужумга учраётганига эътибор қаратиш ниятида", - дея таъкидлаб ўтди Тиллерсон CBS телеканалига берган интервьюсида.

Бундан ташқари, Трамп сешанба куни БМТ Бош ассамблеясидаги нутқида миллатларни қуриш, деб айтилаётган нарсадан манфаатдор эмаслигини маълум қилиши кутилмоқда. "Президент миллатларни қуриш, демократияларни Америка қуролли кучлари орқали ташкил этишдан манфаатдор эмаслигини айтади. У жаҳондаги барқарорликни хавфсиз, фаровон суверен давлатлар орқали яратишдан манфаатдор", - деган Оқ уй вакили.

Миллатларни қуриш, деганда АҚШнинг Ироқ ва Афғонистон, шунингдек, бошқа давлатлардаги ҳарбий амалиётлари, бу мамлакатларда АҚШга мос тушувчи бошқарув тизимларини яратиш тушунилади. Бундай сиёсат Трампдан аввалги раҳбарлар – кичик Жорж Буш ва Барак Обама томонидан олиб борилган.

Шу билан бирга, Трамп ўз нутқида Россияни танқид қилиши ёки қилмаслиги ҳозирча номаълум бўлиб турибди. "Нутқда тегишли сигнал юбориладиган барча буни яхши тушуниб етади", - деди Оқ уй вакили журналистларнинг тегишли саволига жавоб қайтариб.