АҚШ президенти Дональд Трамп БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида Кубага нисбатан санкцияларни бекор қилиш шартларини маълум қилди. 

"АҚШ Кубадаги бузғунчи ва ҳалокатли режимга қарши бўлиб, кубаликларнинг эркин яшаш орзусини қўллаб-қувватлайди. Менинг маъмуриятим Кубада фундаментал ислоҳотлар ўтказилмас экан, унга нисбатан санкциялар бекор қилинмаслигини маълум қилган", - деди Оқ уй раҳбари. 

Бундан ташқари, Дональд Трамп Венесуэла аҳолисининг очликка йўлиққани, мамлакатнинг ўзи эса вайрон бўлаётгани, у ерда демократияни қайта тиклаш зарурлигини таъкидлаб ўтди. 

"Венесуэланинг муаммоси социализмнинг яхши йўлга қўйилмаганида эмас, уларнинг социализмга сўзсиз итоат қилаётганлигидадир. Совет Иттифоқидан то Куба ва Венесуэлагача, қаерда социализм ёки коммунизм ғоялари илгари сурилмасин, ўша ерда кучли азоб-уқубатлар, парокандалик ва таназзул кузатилади. Венесуэла халқи очликдан азоб чекмоқда, мамлакат эса вайрон бўлмоқда", - деб ҳисоблайди Трамп.

Трампнинг фикрича, Венесуэла президенти Николас Мадуронинг ҳали шаклланиб улгурмаган мафкурани тарғиб қилувчи "бузғунчи режими" гуллаб-яшнаётган миллатни вайрон қилган. 

"Биз Венесуэлани демократияни тўлиқ тикланишига чақирамиз", - дея таъкидлади Трамп.