АҚШ яқин келажакда мамлакат мустақиллик байрами муносабати билан Вашингтонда ҳарбий парад ўтказиши мумкин. Бу ҳақда Оқ уй етакчиси Дональд Трамп франциялик ҳамкасби Эмманюэль Макрон билан учрашувида баёнот берди, деб ёзмоқда ТАСС агентлиги.

Америка етакчисининг аниқлик киритишича, шундай парад ташкил этиш зарурати ҳақидаги фикри Францияга ташрифи чоғида пайдо бўлган. Франция Миллий куни муносабати билан ташкил этилган ҳарбий парадда Трамп фахрий меҳмонлардан бири бўлган эди. "Биз 4 июль куни шунга ўхшаш ниманидир Вашингтоннинг Пенсильвания-авенюсида ташкил этишимиз мумкин", - деган Трамп.

"Биз ҳақиқатдан ҳам ўз ҳарбий қудратимизни намойиш этиш учун 4 июль куни Пенсильвания авенюда йирик парад ташкил этиш ҳақида ўйлаяпмиз. <...> Мен генерал Келли ва бошқа шунга алоқадор кишилар билан суҳбатлашаман, кўрамиз, биз буни келаси йилда ташкил эта оламизми-йўқми", - дея қайд этган Америка етакчиси. 

Мустақиллик куни муносабати билан тантаналар Америка пойтахтида ҳар йили ўтказилади. У хусусан, ҳарбий қисмлар паради, АҚШ Конгрессидаги концерт ва кечки мушакбозликни ўз ичига олади. 

АҚШ ва Франция президентларининг музокаралари БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессияси доирасида Нью-Йоркдаги Palace меҳмонхонасида бўлиб ўтди.