«Барселона» бош мураббийи Эрнесто Вальверде клубнинг янги вингери Усмон Дембеленинг жароҳати борасида фикрлари билан ўртоқлашди. 

20 ёшли француз футболчиси чап оёғининг мушакларидан бирининг узилиб кетиши натижасида узоқ муддатга сафдан чиққан. Хабар қилинишича, унинг сафга қайтиши учун 3,5-4 ой талаб қилинади.

«Дембеле жароҳати? У бу жароҳатни четлаб ўта оларди, деб ўйламайман. Бу футболчи бунга қадар мушакларидан жароҳат олмаган ва бу қандай жароҳат эканини билмайди. У товони билан ўйнашни истагани учун шундай шикастланди. Бу худди шундай типдаги жароҳатлар ичида энг хавфлиси саналади. Тажрибали футболчи ҳеч қачон бундай қилмаган бўларди. Улар яхшиси тўп майдон ташқарисига чиқиб кетавергани маъқул деб ҳисобларди.

Таркибимизда унинг ўрнини тўлдириши мумкин бўлган футболчилар жуда кўп. Мисол учун Деулофеу, Видаль, Денис Суарес, Андре Гомеш. Муқобил вариантларни қидиришда давом этамиз», – дея Вальверденинг сўзларини келтиради Marca нашри.