Россияда ўтаётган «Запад–2017» ҳарбий ўқув машғулотлари вақтида Ка-52 вертолёти хатолик туфайли томошабинлар устига ракета билан зарба берди.

66.ru хабарига кўра, бу ҳодиса рўй берган вақтда томошабинлар Санкт-Петербургдаги «Лужский» полигони яқинида йиғилган эди. Икки киши жароҳат олди. «Ҳаво-ер» тоифасидаги ракета техник носозлик туфайли учириб юборилган. 

Аввалига ОАВда бу ҳодиса 18 сентябрь куни бўлгани, «ракета журналистлар устига келиб тушгани», «оғир жароҳатланганлар борлиги» ҳақида хабарлар берилди.

Россия Мудофаа вазирлиги эса 18 сентябрь куни ҳеч қандай ҳодиса рўй бермагани, бу 14 сентябрь куни бошланган машғулотларнинг бошқа кунида рўй берган бўлиши мумкинлигини билдирди. Шунингдек, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлиги, фақат битта юк машинаси шикастлангани айтилди.

Кейинроқ бу ҳодиса 16 сентябрь куни рўй бергани, икки журналист жароҳатлангани маълум бўлди.

Ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бу ҳолат тасвирланган видео вертолётлар ердаги нишонларни йўқ қилиш бўйича машқлар ўтказишга тайёрланаётган вақтда рўй берганини келтириб ўтган.

«Ижтимоий тармоқлардаги гаплар аҳмоқона гаплар. Бу иғво», дейилган округ матбуот хизмати хабарида.

Қайд этиш керакки, ушбу машғулотларни кузатиш учун дунёнинг 50дан ортиқ мамлакатидан журналистлар ва ҳарбий атташелар ташриф буюрган.