Қарши аэропортида бир дона қўл телефони хотирасида қарийб 3 минг дона беҳаё фильмларни олиб ўтишга уринган “жаҳонгашта” аниқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан 48 та ҳолатда 5 минг 769 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар божхона чегаралари орқали мамлакатимизга олиб кирилишининг олди олинди.

Шунга қарамасдан, ишлаш ёки бошқа мақсадда хорижга чиққан айрим фуқаролар томонидан порнографик мазмундаги видеолавҳалар ва фотосуратларни турли мосламалар орқали юртимизга олиб киришга уриниш ҳоллари учрамоқда.

Мисол учун, Москва-Қарши йўналишидаги 606-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортига учиб келган М.К.нинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилган “Нuawei ale l21” маркали қўл телефони хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 300 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.

Яна бир ҳолатда Москва-Қарши йўналишидаги 624-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган Касби тумани Майманоқ қишлоғилик Ф.Қ.нинг юклари божхона назоратидан ўтказилганда унга тегишли бўлган “HTC One X+” маркали қўл телефони хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган нақ 2 минг 869 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги маълум бўлди ва белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилди. 

Тегишли суд идораларининг қарорларига кўра, юқоридаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларини содир этган айбдор шахсларга нисбатан жарима жазолари белгиланди. Ҳуқуқбузарлик ашёлари ҳисобланган телефон аппаратлари давлат эгалигига ўтказилди ҳамда улар хотирасидаги беҳаё лавҳалар белгиланган тартибда йўқ қилиниши таъминланди.