Айни пайтда Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳда ўз иш фаолиятини бошлаган БМТ Бош ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг минбарда нутқ сўзлаши кутилмоқда. Унда минтақа мамлакатларининг ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий алоқаларига оид, шунингдек, халқаро интеграцияни ривожлантириш борасида Ўзбекистон раҳбарининг таклифлари янграши тахмин қилинган. Kun.uz​ президентнинг ушбу чиқиши БМТ саҳнасида илк қадамлардан бири эканлигини таъкидлаган ҳолда, шу давргача БМТ бош минбарида Ўзбекистон Республикаси Биринчи президенти Ислом Каримовнинг барча чиқишларини қисқача сарҳисоб қилиб чиқди.


1. 1993 йилда ўтган БМТ Бош ассамблеясининг 48-сессияси

Фото: UzReport 

Мустақилликка эришган Ўзбекистон Республикаси 1992 йил 2 март куни БМТ аъзолигига қабул қилинди. Шу билан бирга халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан кўп томонлама алоқаларни ўрнатди. Илк бор марҳум Ислом Каримов 1993 йил Нью-Йоркдаги Бош қароргоҳда нутқ сўзлаганди. Унда мамлакат собиқ президенти Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудудга айлантириш таклифини илгари сурган. Бунинг амалий натижаси ўлароқ, 2009 йил 20 мартда "Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш тўғрисида"ги шартнома кучга кирди. Айнан ушбу ташаббус кейинчалик Монтерей халқаро тадқиқотлар институти ҳузуридаги ядро қуроли тарқалишининг олдини олиш масалаларини ўрганиш маркази эксперти Тижей Боуз томонидан алоҳида таъкидланиб, ўз вақтида билдирилган оқилона ташаббус, дея баҳоланган.


2. 1995 йилда БМТ ташкил этилганига 50 йил тўлгани муносабати ўтган сессия

Октябрь ойида ташкил этилган мазкур йирик тадбирда Ислом Каримов иштирок этган ва нутқ сўзлаган. Ана шунда мамлакат собиқ раҳбари қўшни Афғонистон муаммосига конструктив ёндашиш кераклигини таъкидлаб, ўз фикрларини билдирганди.


3. 2000 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг "Минг йиллик саммити"да

Янги мингйилликнинг илк даврида ташкил этилган махсус йиғилишда Ислом Каримов халқаро терроризм ва наркобизнес билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш; минтақавий хавфсизлик, жумладан, Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш; жаҳон хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, БМТ фаолияти ва таркибий тизимини ислоҳ қилишга тааллуқли таклифлар билан чиқди. Ушбу нутқ кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди, орадан бироз муддат ўтиб, яъни 11 сентябрь воқеалари юз берганидан сўнг, Ўзбекистон вакилининг сўзларида аччиқ ҳақиқат борлиги аён бўлди.


4. 2010 йилда БМТ Бош ассамблеясининг Мингйиллик ривожланиш мақсадларига бағишланган ялпи мажлисида

Давлат раҳбари минтақада хавфсизлик ва барқарорликни ҳамда изчил тараққиётни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари устувор вазифалардан эканини алоҳида таъкидлади. БМТнинг мазкур анжуманидан сўнг мамлакатимизда 2011-2015 йилларда Мингйиллик ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар комплекси тасдиқланди.

Бугун, биз ана шундай тарихий воқеалардан бирига, яъни Шавкат Мирзиёевнинг БМТ минбаридан бутун дунё халқларига еткизажак нутқини кузатиб боришга муваффақ бўламиз. Kun.uz​ барча жараёнларни батафсил ёритиб боришга ҳаракат қилади.