Боливия президенти Эво Моралеснинг фикрича, ноқонуний иммиграция муаммоси Ер аҳолисининг барчаси учун ягона ёки "универсал" (умумий) фуқаролик тақдим этиш йўли билан ҳал этилиши керак. У БМТ Бош Ассамблеясининг умумсиёсий муҳокамалари чоғида шундай баёнот берди. 

“Боливия деворлар қурилиши ва миграцияни жиноят деб топадиган қонунлар ишлаб чиқишни қоралайди. Бунинг учун биз универсал фуқароликни таклиф этамиз. Ҳозирги ижтимоий ва миграция инқирозининг асл сабаблари – ўз фойдаси ва истеъмол бозорлари учун зўравонликларни келтириб чиқариши, тенгсизлик пайдо бўлиши ва она Ерни вайрон қилиши кўринади. Иқтисодий инқироз ёки беқарорлик учун масъулиятни муҳожир зиммасига юклаб бўлмайди”, - деган Моралес. 

Унинг сўзларига кўра, муҳожирларга жиноятчилардек муомала қилишга йўл қўйиб бўлмайди. "Муҳожирларнинг ҳеч бири ноқонуний ҳисобланмайди. Айрим ҳукуматлар ушбу ҳолатга олиб келувчи кўринишлар - урушлар, иқлим ўзгаришлари оқибатлари ёки иқтисодий нотенгликка барҳам бериш ўрнига муҳожирлик сиёсатида янги чекловлар жорий қилиш, оммавий депортациялар ва девор қуриш билан чекланмоқда", - деб қўшимча қилган Боливия раҳбари. 

"Барча орзу қилган универсал фуқароликка олиб келувчи жаҳон пактини имзолашга чақиришга рухсат бергайсиз. Чунки фуқаролар ва хорижликлар ўртасида ҳеч қандай тоифа ёки фарқ мавжуд эмас. Биз ҳаммамиз инсонлар ҳамда она Ер фарзандларимиз", - деган Моралес.