Сўнгги бир йилда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами кенглигидан уларни ёритишда ОАВ улгуролмаяпти, дейиш муболаға бўлмайди. Хусусан, жамиятда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини жорий қилиш, давлат органларининг фаолиятини холис баҳолаш тизимини йўлга қўйиш ва бошқа шунга ўхшаш йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами кенглигини эътироф этмасдан бўлмайди. 

Хусусан, давлат органлари билан ОАВ вакиллари ўртасидаги алоқа ва ҳамкорликни янги босқичга чиқариш йўлида жиддий ишлар олиб борилаяпти. Халқаро Пресс-клуб фаолиятини фикримиз исботи дейиш мумкин. Бундан ташқари қатор вазирликлар ва қўмиталар расмий вакилларининг ойда камида бир маротаба ОАВ вакиллари билан учрашуви ҳамда матбуот анжуманларида журналистлар саволларига жавоб беришлари одатий тусга кириб бормоқда. Бу каби ижобий жараёнларни олқишлаш керак, холос. 

Аммо матбуот анжуманлари ўтказиш, журналистлар ҳамда давлат мулозимлари ўртасида долзарб ва кечиктириб бўлмас айрим мавзуларда фикр алмашишни йўлга қўйиш масаласида қатор идораларда оқсоқликлар, ишга эскича ёндашиш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Жумладан,Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати ўз фаолиятини танқидий баҳолаб, раҳбарияти ва ОАВ вакиллари ўртасида жилла қурса ойда бир маротаба матбуот анжумани ташкил этса, мақсадга мувофиқ бўларди. 

Бундан икки томон ҳам ютқазмайди, дейишга асосларимиз етарли. Масалан, Бош прокуратура журналистлар ихтиёрида бўлган қонунбузарликлардан хабардор бўлган, ОАВ вакиллари эса, прокуратура билан боғлиқ ечимини кутаётган муаммоларни нафақат бевосита Бош прокуратурага етказиш, балки кенг жамоатчиликка асосли равишда маълум қилиш имконини қўлга киритар эди.