1981 йилда Forbes нашри муҳаррири Жим Майклс ўз хонасига масъул муҳаррир Гарольд Сенекерни чақиртирган. «Бу жума куни эди. Бу кун ходимларни бўшатиш учун захираланган эди», деб эслайди Сенекер. Бироқ ўзининг бўшатилиши ҳақида эшитишни кутган Сенекер эшитган нарса янада ҳам бадтарроқ бўлган. Унинг кейинги вазифаси журнал асосчиси Малкольм Форбснинг ўзи билдирган ғояни амалга ошириш, яъни Америкада яшовчи энг бой одамлар рейтинги – тарихдаги илк Forbes 400’ни яратиш бўлган. Бунда 400 сони ўз ичига 400 кишини сиғдира оладиган афсонавий бал зали Caroline Astor’га ишора бўлган.

Журналнинг кўпчилик ходимлари бундай ҳисоб-китобларни ҳақиқатда бажариш мумкин деб хаёлларига ҳам келтиришмаган. Албатта, сиз қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар комиссиясидан маълумотларни олишингиз мумкин. Бироқ оммавий бўлмаган корхоналар борасида нима қилиш керак? Уй, яхта, санъат асарлари тўплами борасида-чи? Ва сиз ҳеч кимни назардан қочирмаганлигингизга қандай амин бўла оласиз? Майклз Сенекерга имкони бор ишни қилишни буюрган. «Сўнгра у менинг елкамга қоқиб, хонасини тарк этган. Мен душанбагача у таътилга кетганидан бехабар бўлганман», дея хотирлайди Сенекер.

Сенекер ишни ёш мухбир Жонатан Гринберг билан бирга бутун мамлакат бўйлаб бадавлат одамларни топиш мақсадида тегишли янгиликларни ўрганишдан бошлаган. Улар банкирлар, фандрайзерлар ва маҳаллий журналистлар – шахсий бойлик ҳақида маълумотга эга бўлган барча билан суҳбатлашган ҳолда, бутун АҚШни кезиб чиқишган. Улар, АҚШнинг буюк нефть магнатларини қидириб Даллас, Ҳьюстон ва Мидлендга келишган, эски Бостондан Кремний водийсига йўл олишган ва Атланта, Детройт, Чикаго, Талса ҳамда бошқа ўнлаб шаҳарларда тўхташган. Энг катта муаммолардан бири Нью-Йоркдаги кўчмас мулкни ўрганиш бўлган.

«Бизда Нью-Йоркдаги ҳар бир бинога эгалик қилувчилар кўрсатилган каталог бўлган. Биз Бешинчи авеню, Парк-авеню ва Мэдисон-авеню бўйлаб кезиб, ҳар бир бинога қараб, такрорланган ҳар бир номни кузатиб борганмиз», дейди Гринберг.

Сўнгра Forbes 400’нинг эҳтимолй иштирокчилари билан интервьюлар бошланган. Улардан кўпчилиги рўйхатда бўлмасликни исташган, қолганлар эса шунчаки гўшакни илиб қўйишган. Бироқ яна бошқалар ўзлари ва аксарият ҳолларда ўзгалар ҳақида гапиришни бажонидил исташган. Улар ўзларининг бойликлари ҳақида гапиришни хуш кўрмасалар-да, бироқ шериклари ёки рақобатчилари ҳақида барча маълумотни етказишга ошиқишган.

Улардан айримлари ҳаттоки рўйхатда юқорилаш ёки пастлашни қўллаб-қувватлаган. Бугунги кунда ушбу рўйхатга кириш учун сизда камида 1,7 млрд доллар бўлиши керак бўлса, ўша вақтда бунинг учун 100 млн доллар кифоя қилган. Бир магнат рақамни билгач, унинг бойлиги пасайтирилишини ўтиниб ёлворган. 

Гринбергнинг айтишича, АҚШнинг амалдаги президенти, миллиардер Доналд Трамп рейтингда юқорироқ ўринларни эгаллашга уриниб, учрашувлар вақтида ўз отаси ёки унга тегишли бўлган бинолардан бири бўйича қизиқаётган эҳтимолий мижоз номидан «қалбаки» телефон қўнғироқларни амалга оширишдан ҳам тоймаган.

Минглаб миллар ва интервьюларни қамраб олган бир йилдан кўпроқ машаққатли меҳнатдан кейин Forbes 400’нинг илк рўйхати 1982 йил сентябрида газета киоскаларида пайдо бўлган. Журналнинг энг муҳим сонларидан бири рўйхатда номлари тилга олинганлар томондан турли фикрлар билдирилганига қарамай дунё юзини кўрган.

«АҚШдаги ҳар бир ланъати биржа маклери менга қўнғироқ қилмоқда. Қандай чалкашлик!», деб жиғибийрон бўлган медиамагнат Малкольм Борг. Victoria's Secret раҳбари Ле Векснер эса «Бу чоп этилмагунча мен бой эдим. Энди бўлса шкафдан чиқдим», деб шикоят қилган.

Бошқалар эса рейтингга умуман эътибор беришмаган. National Enquirer эгаси Женерозо Поум бундан жуда мамнун бўлган, бизнесмен Уильям Ҳорвиц эса «улкан завқ ҳис қилгани»ни айтган. Яна бир медиамиллионер Дональд Рейнольдс эса Forbes учун бу ҳали бошланиши эканини башорат қилган. «Мақтанчоқ чол бўла туриб ҳатто мен ҳайратда қолдим. Мен рейтингни охиригача ўқидим ва кейингисини интиқлик билан кутиб қоламан», деб айтган Рейнольдс.