Хитойда барпо этилаётган ҳамда дунёдаги энг йирик руда ташувчи танкер экани таъкидланаётган кема Шандун шарқий вилоятидаги Циндао шаҳрида сувга туширилди. Шу билан унга электр ускуналарни жойлаш ва барча тизимларни якуний синовдан ўтказишнинг сўнгги босқичи бошланди, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги. 

Хитой ОАВ танкерни "Денгиз гиганти" деб аташмоқда. Бундай дейишга кеманинг 10 қаватли уй баландлигига тенг келиши сабаб бўлмоқда. Сув сиғими 400 минг тонна бўлган кема узунлиги 362 метрни, баландлиги 30,4 метрни ташкил этади. У 25,5 минг денгиз милигача сафар қила олади ҳамда тезлигини соатига 14,5 узлга етказади. Танкернинг умумий фойдали майдони 3 та футбол майдонига тенг. 

Хитой келгусида 30 та шундай кема барпо этишни режалаштирмоқда. Хабар қилинишича, айни вақтда қурилаётган янги танкер Бразилиядан темир рудасини келтиради. Ҳозирча, унинг қачон фойдаланишга топширилиши маълум эмас.