САВОЛ: Менинг холам 38 ёшда, қарамоғида ёлғиз ўғиллари бор. Ҳеч қаерда ишламайди. Пул келтирадиган манбаи — ёлғизгина деҳқончилик ва чорвачилик. Холам ҳозирги вақтда қандай имтиёзга, яъни қандай ёрдам олиш ҳуқуқига эга? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Учқунжон Эрданов

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги кераклиги белгиланган.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Низомда 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар); ногирон боласи (болалари) бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эгалиги  кўрсатилган.

Агар фуқаронинг яшаш шароити ва даромади  юқоридаги талабларга жавоб берган тақдирда ҳудудлардаги маҳалла фуқаролари йиғини орқали нафақа ёки моддий ёрдамдан бирини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Саволларга ҳуқуқшунос Мирзоҳид Шоқаламов жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.