Бутун дунёда юрак хуружи (инфаркт) ва юрак касалликлари тўсатдан келган ўлим ҳолатлари рейтингида етакчилик қилмоқда. Юрак касалликларининг бош сабабларидан бири сифатида эса доимо жисмоний меҳнатнинг етишмаслиги қайд этилади. Шу ҳолатда ҳам врачларнинг минимал тавсияларини бажариш — бадантарбия машқлари қилиш ёки ҳафтасига 150 дақиқа аэробика билан шуғулланишга барча ҳам тайёр эмас, деб ёзади Medportal.

Шу сабабли АҚШ соғлиқни сақлаш миллий институти замонавий турмуш тарзи қурбонларига пешвоз чиқди. ССМИ мутахассислари биз кўпинча зерикарли ва кишини чарчатадиган, деб ҳисоблаб, қўл силтайдиганимиз — уй юмушларини муттасил бажаришдан бошлаш кераклигини тавсия қилишмоқда.

Бундай ёндашувда кунига ўртача камида 30 дақиқа «мўътадил фаоллик» талаб этилади. Лекин ҳисобга олиш лозимки, интенсивлик бўйича бир машғулот иккинчиси билан баробар эмас, шу сабабли меъёрларнинг тахминий рўйхати қуйидаги кўринишга эга:

  • Автомобилни тозалаш, ювиш ва артиш: 45–60 дақиқа;
  • Дераза ва полларни ювиш: 45–60 дақиқа;
  • Боғда ишлаш: 30–40 дақиқа;
  • Дўкон баҳона (3,2 км) сайр қилиш: 30 дақиқа;
  • Коляска билан сайр қилиш (2,5 км): 30 дақиқа;
  • Тўкилган барг хазонларни тозалаш: 30 дақиқа;
  • Қорни кураш: 15 дақиқа;
  • Зинадан чиқиб тушиш: 15 дақиқа;

Бу кундалик юкламаларни ўзингизга хос юмушлар билан уйғунлаштиринг ва кунига «меъёр»ни бажаришга ҳаракат қилинг, унга яна имкон қадар қуйидаги мураккаб бўлмаган жисмоний фаолликлардан қўшиб боринг: бадантарбия, интенсив юриш, рақс тушиш, сузиш ва велосипедда сайр қилиш.