Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бугун Қозоғистонга норозилик нотасини юборди. Бу ҳақда ҚР ташқи сиёсат идораси хабар қилган.

Идора маълумотларига кўра, Қозоғистон Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги муваққат ишлар бўйича вакили Р.Карибжанова 19 сентябрь куни Олмаота шаҳрида ҚР президентлигига номзодлардан бири билан бўлиб ўтган учрашув туфайли ТИВга чақиртирилган. 

«Вазирлик Қозоғистон Республикаси президенти Н.Назарбоевнинг Қирғизистон Республикаси президентлигига номзодлардан бири билан ўтказган учрашуви ва Қозоғистон раҳбари ушбу номзодга яқинлашиб келаётган сайловларда қўллаб-қувватлов билдиргани туфайли таажжубга тушди», - дейилади ҳужжатда.

Қирғизистон ТИВнинг билдиришича, «дўстона Қозоғистон раҳбари Қирғизистон ички ишларига аралашмаётгани ҳақида маълум қилганига қарамай, унинг сўзлари Қозоғистон томонининг Қирғизистон Республикаси бўлажак президенти бўйича хоҳишини англатади».