Мексика пойтахти Мехико шаҳрида зилзиладан кейин вайронага айланган мактаб биноси харобалари остидан 22 жасад топилди. Бу ҳақда Associated Press агентлиги Мексика президенти Энрике Пенья Ньетога асосланиб хабар тарқатди.

У қурбонларнинг икки нафари ёши катта кишилар экани, қолганлар мактаб ўқувчилари бўлганини маълум қилди.

Айни вақтда шу куни мактабда бўлган 30 бола ва яна саккиз киши бедарак йўқолган, деб ҳисобланмоқда. Қутқарувчилар уларни қидиришда давом этишмоқда.

Охирги хабарларга кўра, 19 сентябрь куни Мексика жанубида рўй берган 7,1 балли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 200 нафардан ошди. Мехикода камида 44 бино қулаб тушган, шаҳарда сукунат режими киритилган, шу орқали қутқарувчилар харобалар остидагиларнинг овозларини эшитишга умид қилишмоқда.