Мексика президенти Энрике Пенья Ньето 19 сентябрь куни рўй берган кучли, Рихтер шкаласи бўйича 7,1 балли зилзиладан кейин ҳалокат кўламини баҳолаш учун Миллий қўмита йиғилишини чақирди.

Жабрланган ҳудудларда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент фармойишига биноан мамлакат пойтахти Мехикога жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун 3 минг нафар ҳарбий киритилди.

Харобага айланган ҳудудларда қутқарувчилар ва кўнгиллилар иш олиб бормоқда.

Televisa телеканали хабар беришича, зилзиладан кейин Мехикода метрополитен ва жамоат транспорти аҳоли учун текин қилиб қўйилди. Пойтахт аэропорти вақтинчалик фаолиятини тўхтатган.

3,5 млн киши айни вақтда электр таъминотидан узилиб қолган.

Охирги хабарларга кўра, Мексикада зилзила қурбонлари сони 200 нафардан ортиқни ташкил қилаётгани айтилганди. Мехикода ўнлаб бинолар қулаб тушган.

Мексика Миллий сейсмологик хизмат маълумотига кўра, зилзила эпимаркази Морелос штатидаги Ашочиапан шаҳридан 12 км масофада жойлашган.