АҚШ президенти рафиқаси Меланья Трамп Хорватиядаги Америка институти Загреб шаҳри кўчаларида ўрнатган реклама билбордларидаги суратини 24 соат ичида олиб ташлашни талаб қилди.

Меланьянинг манфаатларини билдирувчи адвокат Наташа Пирц Мусар плакатларни ўрнатган корхона Хорватия қонунчилигидан бехабарлиги ҳақида фикр билдирган. Жумладан, унга кўра бирор одамнинг суратини унинг розилигисиз тижорат мақсадларида қўллаш тақиқланади.

Фото: Reuters

Маълум қилинишича, аввалроқ Хорватия пойтахти кўчаларида АҚШ биринчи хонимининг АҚШ байроғи фонидаги сурати туширилган реклама билбордлари пайдо бўлганди. Унда "Инглиз тилини оз миқдорда билган ҳолда қанчалик узоққа боришингизни тасаввур қилиб кўринг-а!" деган ёзув бўлган. Бу билан асли словениялик бўлган Меланьянинг АҚШ биринчи хоними даражасигача етганига шаъма қилинган. 

Реклама кампанияси муаллифи Загребдаги Америка институти бўлган. Таъкидланишича, ушбу креатив маркетинг Меланьянинг норозилигига сабаб бўлган ва унинг вакиллари бу ҳолат юзасидан судга шикоят тайёрлашмоқда.