Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 сентябрдаги қарорига кўра, пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ўрнида «замонавий ҳамда юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи» қурилиши режалаштирилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши ижтимоий тармоқлардги фойдаланувчилар орасида кўплаб муҳокама ва норозиликларни келтириб чиқарди. Аҳолининг аксарият қисми боғ узоқ йиллик ўтмишга эга экани ва бу маскан ёш-у қарининг бирдек севимли даргоҳига айланганини қайд этиб, унинг йўқ бўлишига норозиликларини билдиришди.

Хусусан, Kun.uz сайтида Сиёсий  фанлар доктори ва психология фанлари номзоди, профессор Алишер Омонуллаевич Файзуллаевнинг фикрлари нашр қилинди. 

Бироқ «танганинг иккинчи томони ҳам бор» бўлганидек, мазкур боғни қайтадан реконструкция қилиш лойиҳаси бежизга ишлаб чиқилмаган. Алишер Навоий номидаги Миллий боғ ўтган асрнинг 30-йилларда қурилган бўлиб, ҳозирги кунда унинг аҳволи қониқарсиз ҳолатга келган. Истироҳат боғидаги аттраксионлар ўрнатилганига ҳам ярим асрдан ошган. Боғ ичидаги кўл суви санитария-гигиена ҳолатига жавоб бермайди. Айнан шу масалаларни ҳисобга олган ҳолда, давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини янада ривожлантириш мақсадида Миллий боғни қайтадан қуриб, замонавий кўнгилочар боғга айлантириш концепциясига ишлаб чиқилган. 

Халқаро Пресс-клубнинг 20 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида Бош прокуратура бошқарма бошлиғи ўринбосари Акбар Мусаев айнан мазкур лойиҳа ва унинг моҳияти ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Бу ерда қарорнинг моҳиятини тушунмаслик натижасида жуда кўп муҳокамалар ва тушунмовчиликлар келиб чиқмоқда. Даставвал бир нарсага аниқлик киритиш лозим: Алишер Навоий номидаги Миллий боғ бу кимнингдир қўлига ўтиб кетадиган ягона боғ эмас, комплекс мажмуадир. У бир неча боғлардан иборат бўлиб, айнан аттракционлар ва кўл жойлашган ҳудуд хусусий компанияга қайта реконструкция қилиш учун топширилмоқда. Қарорга мувофиқ эса, боғ барчага очиқ бўлади, яъни кириш учун қандайдир талаблар бўлмайди. Аҳоли аввалгидек боғ ҳудудида эркин сайр қилиши, дам олиши, атрофни томоша қилиши мумкин бўлади», деган прокуратура вакили.

Халқаро Пресс-клуб анжуманлар залида лойиҳа инвесторига айланган «Stargate Systems» МЧЖ вакили Камола Мирзалиева лойиҳага билдирилган эътирозларга жавоб қайтарди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

Лойиҳа менежери боғнинг қайта қурилиши ҳақида батафсил маълумотларни бериб ўтди: «Биз лойиҳани амалга оширишдан аввал пухта қурилиш режасини ишлаб чиққанмиз. Ахир инвестор бу лойиҳага катта меҳнат ва маблағ сарфлайди. Биз ҳам дарахтларнинг кесилишига, барча учун ёқимли хотираларни ёдга солувчи маскан бузилишига қаршимиз. Лекин ҳар қандай нарса йиллар ўтиб парваришга, янгиланишга муҳтож бўлади. Мисол учун, сиз мобил телефонингизни неча йил тутасиз? Узоғи билан 4-5 йил. Яна янги қурилма олишга тўғри келади. Бугунги кун амалиётида «маънан чарчаш» деган атама мавжуд. Компаниямизга хориждан ҳар йили кўплаб меҳмонлар ташриф буюради. Айтингчи, мен Миллий боғнинг қайси бурчагини уларга кўрсата оламан? Ҳаттоки, боғ ичидаги кўл ҳам тозалик қоидаларига жавоб бермайди. У ерда баъзан болаларнинг чўмилишга гувоҳ бўламиз. Наҳотки, биз болаларнинг соғлиғига, атроф-муҳитнинг тозалигига бефарқ қараймиз? Мақсадимиз - янги, замонавий, аҳолига яна ўша ёқимли лаҳзаларни улашувчи гўзал истироҳат боғини яратишдир».

Фото: Stargate Systems
Фото: Stargate Systems
Фото: Stargate Systems

Унинг қайд этишича, боғ қурилишига ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдириш истагида бўлганлар, компанияга мурожаат қилишлари мумкин. Кимнингдир айнан шу боғ қурилишига доир муаммо  ва мурожаати бўлса, ҳал қилинади.

«Яна бир масала - Дельфинарий қурилиши. Ижтимой тармоқларда одамлар шу даражада салбий муносабат билдиришдики, очиғи бу ҳолат бизни ҳайратлантирди. «Жониворларга озор берманг», «Дельфинларни тинч қўйинг» қабилидаги фикрлар баён этилган постлар бизни ранжитди. Ахир, шундай оилалар борки, уларнинг Дубайга ёки хорижга саёҳатга боришга қурби етмайди. Бизнинг мамлакатимизда ҳам дельфинарий пайдо бўлиши кўплаб болаларнинг, оилаларнинг қувончига сабаб бўлади. Биз дельфинларни Ўзбекистонга қийнаш ёки ўлдириш учун олиб келмаймиз. Аксинча, одамлар қувончи, шодлигига ўз ҳиссамизни қўшишни истаймиз. Дельфинларни парваришлаш билан шуғулланувчи махсус ходимлар ҳам жалб қилинади», дея қайд этди Камола Мирзалиева. 

Фото: Stargate Systems
Фото: Stargate Systems

У йўллардаги тирбандлик олдини олиш учун автомобиллар тураргоҳи боғнинг ички қисмига қурилишини маълум қилди. Шунингдек, Тошкентнинг марказий қисмларидан махсус автобус - «shuttle bus» болалар ва уларнинг ота-оналарини бепул истироҳат боғига олиб келади. 

«Лойиҳа қиймати 60 млн. доллар бўлиб, янги боғда амфитеатр, рангли фаввора, аттракционлар, сёрфинг билан шуғулланиш учун сунъий тўлқинли сув иншооти ва ҳордиқ чиқариш учун бошқа кўнгилочар объектлар қурилади. Шунингдек, Ўзбекистонда илк маротаба картографик фаввора ишга тушади. У орқали болажонлар ўзлари учун севимли мультфильмларини фавворанинг тўлқинларида томоша қилишлари мумкин бўлади», дея қўшимча қилди лойиҳа менежери. 

Фото: Stargate Systems
Фото: Stargate Systems
Фото: Stargate Systems

Янги истироҳат боғи ҳар куни 10 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади. Янги лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида юзлаб иш ўринлари пайдо бўлади.

Ўйлаймизки, 2021 йилнинг бошида фойдаланишга топшириладиган янги мажмуа халқимизга ҳамиша қадрдон бўлган боғнинг ўрнини боса олади.

Мақолани тайёрлашга яқиндан кўмак берган Халқаро Пресс-клуб раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.