Андижон вилоятидаги Kun.uz манбалари берган хабарларга кўра, Андижон шаҳридаги мактабда фаррош бўлиб ишловчи рафиқасининг ўрнига пахта теримига чиққан 58 ёшли Музаффар Умрзақов далада юрак хуружидан вафот этган.

Маълум бўлишича, марҳум Музаффар Умрзоқовнинг рафиқаси Андижон шаҳридаги 8-умумий таълим мактабида фаррош вазифасида ишлайди. Фожиа 16 сентябрь куни Избоскан туманидаги фермер хўжаликларидан бири даласида рўй берган. Унинг жасади Андижон шаҳридаги уйига тез ёрдам машинасида олиб бориб берилган. 

Айни вақтда бюджет ташкилотларида ишловчи ходим ва хизматчиларни ёппасига пахта теримига жалб этилиши туфайли соғлиги яхши бўлмаган ва ҳомиладор аёллар ўз ўрниларига маълум маблағ эвазига одам ёллашга ёки теримга  ўз яқинларини чиқаришга мажбур бўлишмоқда.