САВОЛ: 1954 йил 15 ноябрда туғилганман. Ўз хоҳишим бўйича бугунги кунгача пенсия расмийлаштириш масаласида ҳужжат топширмаганман. Бугунги кунгача умумий иш стажим (бир ишдан бошқа ишга ўтиш оралиқ вақти чиқарилиб ташланганда) 16.908 кунни ёки 46 йилу 4 ойни ташкил этади. Узлуксиз ишлаган 5 йил (2012–2016 йиллар учун) олган умумий маошимнинг суғурта бадали тўланган қисми 147.835.435,84 сўмни, яъни ойлик ўртача иш ҳақим 2.463.923,93 сўмни ташкил этади. Бугунги кунда менга қанча пенсия белгиланиши мумкин?  
Иброҳим Имомов.

ЖАВОБ: «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунга кўра Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи эркаклар 60 ёшга тўлганда ва иш стажлари камида 25 йил бўлган тақдирда эга бўладилар.

Ёшга доир пенсия учун — пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55 фоизи, лекин расмий белгиланган ёшга доир энг кам пенсиянинг камида 100 фоизи миқдорида олинади. Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади. Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади. Яъни, ўртача иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан юқори бўлган тақдирда, ортиқча қисми ҳисоблаш учун олинмайди. 

Ёшга доир пенсиялар — Пенсия тайинлашда талаб этиладиганидан ортиқча иш стажининг ҳар бир тўлиқ йили учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1 фоизи миқдорида оширилади.

Саволларга ҳуқуқшунос Мирзохид Шоқаламов жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.