Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш мақсадида Нью Йоркда бўлиб тургани ҳақида хабар қилинган эди. Давлат раҳбари ушбу сессия доирасида турли давлатлар, ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда. 

2017 йил 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Президент Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади. 

Шавкат Мирзиёев 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришларни қўллаб-қувватлаётгани учун Олий комиссарга миннатдорлик билдирди. 

Олий Комиссар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси кенг кўламли янгиланишлар учун мустаҳкам асос бўлаётганини қайд этди. 

Зайд Раад ал-Ҳусайн Ўзбекистон ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲОКБ) ўртасидаги амалий ва очиқ мулоқотни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга янги суръат бахш этган 2017 йил май ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунларини юксак баҳолади. Июнь ойида парламент Бошқарма билан ҳамкорлик бўйича 90 дан ортиқ тадбирдан иборат ҳаракатлар режасини қабул қилди. ИҲОКБнинг Бишкекдаги минтақавий офиси билан фаол ҳамкорлик ривожланмоқда. Сентябрь ойи бошида ушбу офис раҳбари Ўзбекистонда бўлди. Сентябрь ойи охирида БМТнинг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси А.Шаҳиднинг Ўзбекистонга ташриф билан келиши режалаштирилган. 

Зайд Раад ал-Ҳусайн Шавкат Мирзиёевга 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари Самарқандда ўтадиган Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг долзарб муаммолари бўйича халқаро анжуманда иштирок этишга таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирди.