Тошкент шаҳридаги барча имом-хатиблар янги ўқув йилидан бошлаб шаҳардаги барча таълим муассасалар: умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида бир ойда бир марта “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида диний-маърифий мавзуларда учрашувлар ўтказишни бошлагани ҳақида хабар қилинган эди. 

KUN.UZ мухбири Ўзбекистоннинг мактаб ёшидаги фуқароларига таълим-тарбия бериш жараёнига имом-хатибларни ҳам кенг жалб этиш амалиёти республиканинг барча ҳудудларида бирдек жорий қилинганини билиш мақсадида Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига мурожаат қилди. 

Идора вакилининг маълум қилишича, бугунги кунда имом-хатиблар иштирокидаги учрашувлар республиканинг барча минтақасидаги мактаблар, лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида бўлиб ўтмоқда. Унинг ойдинлик киритишича, учрашувлар бир ойда бир марта эмас, балки тасдиқланган режага мувофиқ, ойда икки марта бўлиб ўтади. 

Учрашувларда “Илм олиш фазилат”, “Вақтни қадрланг”, “Гиёҳвандлик – офат”, “Устозларга ҳурмат”, “Ота-онага ҳурмат”, “Поклик иймондандир”, “Исрофгарчиликнинг олдини олинг” каби 17 мавзу бўйича Ислом дини таълимоти ўргатилиши йўлга қўйилган.