Самарқанд шаҳридаги 12-сон оилавий поликлиникада аҳолини онлайн тарзда электрон рўйхатга олиш тизими яъни «Электрон поликлиника» дастури ўрнатилиб, ишга туширилди, деб хабар беради KUN.UZ’га вилоят ССБ матбуот хизмати.

Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг «Ягона электрон рўйхатга олиш ва интернет тармоқ орқали шифокор қабулига ёзилиш «Электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш тўғрисида»ги буйруғи асосида иш бошлаган Самарқанд шаҳар 12-сон оилавий поликлиникада бугунги кунда поликлиника ҳудудида яшовчи фуқароларнинг ягона тиббий картаси яратилмоқда.

Бу поликлиника ҳудудида яшовчи аҳоли рўйхатдан ўтиб, республикамизнинг барча тиббиёт муассасаларидан ўзининг касаллик варақаларидан электрон тарзда фойдаланиш имкониятини беради.

Мазкур «Электрон поликлиника» дастури орқали эндиликда поликлиникада рўйхатда турувчи фуқаролар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ssv.uz расмий веб-сайти орқали поликлиникада фаолият юритаётган шифокорлар қабулига онлайн тарзда навбат талонини олишлари мумкин.

Яратилган бу каби қулайлик нафақат шифокорларимиз, балки фуқароларимизнинг ҳам вақтларини беҳуда йўқотмаслигини таъминлайди.

Шуни айтиб ўтиш жоизки, поликлиниканинг кутиш залида ўрнатилган мониторларда фуқаролар ўз навбат тартиб рақамини кузатиб туриш имкониятлари яратилган.

Яна бир қулайлик — бемор шифокор қабулига олдиндан навбат олмай келган бўлса, поликлиниканинг ўзида электрон тарзда навбатда туради. Бунинг учун ҳар бир ташриф буюрувчи махсус ўрнатилган қурилма орқали ўз тартиб рақамини олиб, мониторда навбати қачон келишини кузатиб бориши мумкин. Кутиш вақтини фойдали ташкил қилиш ҳам эътибордан четда қолмади. Яъни поликлиника ҳудудида wi-fi зона ташкил этилган бўлиб, навбатини кутаётган фуқаро бепул интернет орқали саломатликка доир фойдали маълумотлар билан танишиб боради.