Гапларга қараганда, Samsung компанияси 2018 йилги Galaxy A3, A5 ва A7 смартфонлари версиялари устида қизғин иш олиб бормоқда. Бу қурилмалар 2017 йил охири ёки 2018 йил январида чиқарилиши кутилмоқда. Соҳадаги манбанинг маълум қилишича, компания янги Galaxy A смартфонлар қатори учун Exynos 7885 чипини қўллайди, баъзи ҳудудларда эса смартфонлар Exynos 9610 чипини олади. Иккала чип ҳам энг юқори кўрсаткичларга эга.  

Июлда компания ўз смартфонлари учун янги чиплар – Exynos 7885 (14 нм) ва Exynos 9610 (10 нм) ишлаб чиқараётгани маълум бўлганди. Маълум қилинишича, бу чиплар йил охиригача расман тақдим қилинади. Ҳозирдаёқ шу маълумки, Exynos 9610 чипи компания Galaxy S8 ва Galaxy Note 8’нинг халқаро версияларига ўрнатадиган Exynos 8895’га мос унумдорликни таъминлайди. Exynos 7885 эса унумдорлиги бўйича Qualcomm Snapdragon 660’га яқин.

Exynos 9610 чипи 64 разрядли, 8 ядроли чипсет бўлиб, 2,4 ГГц частотада ишловчи 4 та ARM Cortex A73 ядроси ва 4 та энергия самарадор Cortex A53 ядроси билан жиҳозланган. Чипсетда Mali-G71 MP20 график процессори ва тўлиқ интеграллаштирилган LTE-модем ўрнатилган. Баъзи маълумотларга кўра, процессор 10 ёки 14 нанометрли архитектураларга асосланган.

Exynos 7885 процессори Exynos 9610’дан кучсизроқ бўлади ва 2,1 ГГц частотада ишловчи 2 та ARM Cortex A73 ядроси ҳамда 4 та Cortex A53 ядроси олади. У Mali-G71  график процессори ва LTE модеми билан жиҳозланади.

Гапларга қараганда, Galaxy A сериясидаги барча қурилмалар иккиланган камера оладилар. Бу серияга кирувчи смартфонлардан бири Samsung Galaxy A7’нинг кўрсаткичлари интернетда пайдо бўлди: 

Дисплей: 5,7 дюймли Samsung Infinity Display;
Процессор: Exynos 7885;
Хотира: 3 ГБ тезкор ва 32 ГБ доимий;
Камера: 16+8 Мп ли асосий ва 16 Мп ли олд камералар;
Операцион тизим: Android 7.1.1 Nougat.