Ўтган ҳафтада БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШ томонидан тайёрланган, Шимолий Кореяга қарши янги санкцияларни жорий этиш ҳақидаги резолюцияни қабул қилди, деб ёзади Insider.Pro.

CNN маълумотларига кўра, санкциялар мамлакатга нефть импортини чеклайди, текстиль экспортини тақиқлайди, хорижий ишчилар билан қўшимча шартномаларни тугатиш ва бошқа мамлакатлар билан очилган қўшма корхоналар ишини тўхтатишни, контрабанданинг олдини олишни назарда тутади. Бундан ташқари, Шимолий Кореянинг ҳукумат тузилмалари ҳам санкция таъсири остида қолади.

Илгарироқ Хитой ушбу давлатдан темир рудаси, темир, қўрғошин, кўмир ва денгиз маҳсулотлари импортини тақиқлаганини эълон қилганди.

БМТ хавфсизлик кенгаши Шимолий Кореяга иқтисодий босим уюштиришга уринаётгани боис, санкция остида қолган соҳалар нечоғлик улкан эканлигини англаш керак бўлади. Бу ҳақда фақат савдо-сотиқ маълумотларини таҳлил қилибгина тушунча ҳосил қилиш мумкин.

Observatory of Economic Complexity — Массачусетс технологик институт тузилмаларидан бирида яратилган маълумотлар визуализацияси лойиҳаси ходимлари БМТнинг халқаро савдо-сотиқ ва Дэвисдаги Калифорния университетининг халқаро савдо-сотиқ Маркази маълумотларига асосланиб, Шимолий Кореянинг 2015 йил экспорт ва импорт маълумотлари визуализациясини ишлаб чиқишди.

2015 йилда Шимолий Корея экспортида энг катта улуш кўмир брикетларга тегишли бўлган, ундан сўнг кийим-кечаклар, жумладан, пальто ва костюмлар келмоқда. Металлардан темир ва мис, шунингдек, денгиз маҳсулотларидан краблар ва чиғаноқлар кабилар экспорт тузилмасида муҳим ўрин тутади.

Импорт тузилмаси сезиларли даражада фарқланади. Бу ерда нефть маҳсулотлари ва синтетик матолардан тайёрланган буюмлар улуши катта.

Гарчи Шимолий Корея дунёдаги энг жангари давлатлардан бири ҳисоблансада, импорт ва экспорт тузилмасида қурол-яроғ ҳажми жуда кичик эканлигини алоҳида қайд этмоқ жоиз. Чунончи, 2015 йилда экспорт қилинган қурол-яроғлар қиймати бор-йўғи 223 минг долларга тенг бўлган, импорт эса 48,3 минг долларлик бўлган.

Шимолий Кореяда асосан Хитой бизнес билан шуғулланади. OEC ва Statista маълумотларига кўра, 2015 йилда ушбу давлат Шимолий Кореянинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори бўлган, бошқа давлатларга эса ташқи савдо айланмасининг саноқли фоизлари тўғри келади.