Швейцариянинг Санкт-Галлен кантони парламенти жамоат жойларида агар бу хавфсизликка таҳдид қилса, юзни беркитишни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Швейцариянинг ATS телеграф агентлиги маълум қилди. 

Тегишли қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаёқ қабул қилинган. Тақиқлов жамоат жойларида ўз юзини беркитувчи барчага – бурқадаги мусулмон аёллардан тортиб кўзни ачиштирувчи газдан ҳимояланиб юзини бандама билан беркитувчи намойишчиларгача тааллуқли бўлади.

Янги қонунни мамлакат парламентида кўпчиликка эга бўлган Швейцария Халқ партиясининг ҳудудий бўлими вакиллари кантондаги мактаблардан бирида рўмол ўраб юришга тақиқлов киритилгандан кейин таклиф қилишган. Партиянинг жамоат жойларида бурқалар кийиб юришни тақиқлаш ғояси ҳаддан зиёд қатъий деб топилгандан кейин, у қайта ишланган ва мусулмон аёллар ҳукумат вакиллари ва полициячиларга юзларини кўрсатишлари мажбурий қилинадиган қарши лойиҳа таклиф қилинган.

Аввалроқ партия вакили Швейцарияда бурқаларни кийиб юришни тўлиқ тақиқлаш учун имзо тўплашни бошлаганди. Ўтган ҳафтада бу ғоя тарафдорлари 106 минг 600 та имзо тўплашган. Энди бу масала умумхалқ референдумига олиб чиқилади ва 50 фоиздан кўпроқ овоз тўпласа, Швейцария конституциясида тегишли ўзгартиришлар қилинишига олиб келади.

Бироқ Швейцария ҳукумати ҳозирча мамлакатда бурқа кийишнинг умумий тақиқланишига қарши чиқмоқда.