Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғи асосида Ҳакамлар ва инспекторлар қўмитасининг навбатдаги мажлиси чақирилиб, унда Рустам Бобомуродовнинг ҳакамлиги юзасидан якуний қарор қабул қилинди.

ЎФФ матбуот хизмати хабар беришича, шу йилнинг 16 сентябрида Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган «Бухоро»-«Динамо» учрашувини бошқарган Рустам Бобомуродовнинг ҳакамлигини ЎФФ ҳакамлар ва инспектор илмий-услубий таъминоти бўлими кўриб чиқди. Бўлим бошлиғи Арслон Хатамов якунда Рустам Бобомуродовга қониқарсиз 4 балл қўйди.

Ҳакамлар ва инспекторлар бошқармаси бошлиғи Ноил Лутфуллин қўмита йиғилишида сўзга чиқиб Рустам Бобомуродов масаласи бўйича «Ҳакамларнинг тартиб-интизом кодекси» асосида қарор қабул қилишни таклиф қилди. Натижада олий лиганинг 21-тур ўйинлари доирасида ўтказилган «Бухоро»-«Динамо» ўйинида бир неча жиддий хатоларга йўл қўйган Рустам Бобомуродовнингхизмат ҳақи юз фоизга камайтирилиб, ҳакамликдан бутунлай четлатилди.

Сўнгги пайтларда ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджоновнинг виртуал қабулхонасига Рустам Бобомуродовнинг масаласи юзасидан қандай қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги мурожаатларнинг оқими кучайган эди.

Бухоролик мухлислар «Бухоро» ўйинини бошқарган ҳакамни жазолашини сўраб, ЎФФ ва ПФЛга мурожаат қилди