Июль ойида 122 та давлат томондан қўллаб-қувватланган Ядро қуролининг тақиқланиши ҳақидаги халқаро келишув БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида имзоланди.

50дан ортиқ давлат Шимолий Кореянинг ядро ва ракета синовлари сабабли кескинлик авж олган бир пайтда ушбу ҳужжатни имзолади. Шу билан бирга АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа давлатлар бунга қарши чиқишди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Келишувнинг мақсади сифатида бутун дунёда ядро қуроли тақиқланиши кўрсатилган бўлса-да, ҳужжатда уни имзолаган давлатлар томонидан қоидабузарликларга йўл қўйилса, санкциялар қўлланиши назарда тутилмаган.

Ядро қуролига эга бўлмаган давлатлар ва ноҳуқумат ташкилотлари бу келишувни ядро қуролини тўлиқ йўқ қилишдаги муҳим қадам деб аташди.

Ушбу келишув уни 50та давлат ратификация қилгандан 90 кун ўтиб кучга киради.

"Бугунги кунда 15 мингга яқин ядро ўқ-дориси мавжуд ва биз бу даҳшатли қуролга бизнинг дунё ва келажагимизга таҳдид қилишига йўл қўя олмаймиз", деб айтган БМТ бош котиби Антониу Гутерреш.

Келишув июлда Россия, АҚШ, Буюк Британия, Франция ва бошқа бир қатор давлатлар иштирок этмаган бир неча ойлик музокаралардан кейин 122 та давлат томондан қабул қилинганди.