Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги «Ўзтрейд» АЖ АҚШнинг Нью-Йоркдаги шаҳрида янги савдо уйи очди. Бу ҳақда UzDaily.uz хабар бермоқда. Савдо уйи экспорт ҳажмини ошириш, АҚШ бозорида позицияларни мустаҳкамлаш ва икки томонлама муносабатларни босқичма-босқич кенг қамровда ривожлантириш мақсадида ташкил этилган. 

«Ўзтрейд» компаниясининг қайд этишича, савдо уйи негизида ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг маҳсулотларини намойиш этувчи доимий шоу-рум ишлайди. 

Маълум қилинишича, «Ўзтрейд» вакиллари 20 сентябрь куни ўзбек-америка ишбилармон доиралари иштирокида ташкил этиладиган бизнес-форумда қатнашади. Форум иштирокчилари савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишади. 

Форум якунида Американинг йирик компаниялари билан савдо ҳамкорлиги бўйича келишувлар имзоланиши кутилмоқда. Хусусан, тўқимачилик маҳсулотлари, қуруқ мевалар ва Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган бошқа маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартнома ва битимларга эришилади.