Миллий матбуот марказида Давлат солиқ қўмитаси жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғини ҳисоблаш, ундириш ва ушбу солиқ турлари бўйича бериладиган имтиёзлар ҳамда жорий йилдан бошлаб бу борада солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган «Солиқларни ўз вақтида тўлаш бурчимиз» мавзусида матбуот анжумани ташкил этди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 272- ва 287-моддаларига асосан, эгалигида солиқ солинадиган мол-мулки ҳамда ер участкалари бўлган жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўловчилари ҳисобланади. Бунда, агар кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг эгалигида ва (ёки) фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўловчидир.

Солиқ кодексининг 273- ва 288-моддаларига мувофиқ солиқ объектларига жисмоний шахс эгалигидаги уй жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда берилган ер участкалари киради.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари Солиқ кодексининг 277- ва 293-моддаларига асосан солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқ солиш объекти жойлашган ердаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органнинг маълумотлари ва қонунчилик билан белгиланган ставкалар асосида ҳисоблаб чиқарилади.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини тўлаш тўғрисидаги тўлов хабарномаси давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ тўловчиларга имзо қўйдирилган ҳолда ёки тўлов хабарномаси олинганлигини ва олинган санани тасдиқловчи бошқа усулда ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2699-сонли қарорига асосан, 2017 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,7 фоиз миқдорида белгиланди.

Шунингдек, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,8 фоиздан 2,1 фоизгача, майдони 500 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун эса 2,5 дан 2,9 фоизга оширилди. Бундан ташқари, 2017 йил 1 январдан бошлаб бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ортиқ бўлган турар жой ва квартиралар учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкалари — 2,1 фоиз миқдорида белгиланди. Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ кадастр ҳужжатларидаги инвентаризация қийматидан, лекин 3 млн.сўмдан кам бўлмаган миқдордан келиб чиқиб ҳисобланади.

Жисмоний шахслар мол-мулкини баҳолаш органлари томонидан белгиланган инвентаризация қиймати бўлмаганда, солиқни ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 20 328,0 минг сўм миқдорида, бошқа шаҳарлар ва қишлоқ жойларда эса 8 833,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб икки баравар миқдорида ундирилади.

Жисмоний шахсларга ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқлари жисмоний шахслар томонидан солиқ даври учун ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар тўланади. Шу билан бирга, Солиқ кодексининг 36-моддасига асосан, солиқ тўловчилар солиқ тўлаш мажбуриятларини муддатидан илгари бажаришга ҳам ҳақлидир.

Эслатиб ўтиш жоизки, Давлат солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банкка бормасдан «CLICK», «U-PAY», «MBANK» ва «PayMe» тўлов тизимлари ёрдамида мобиль телефон ёки интернет орқали онлайн режимда тўлаш имконияти яратилган. Ушбу тўлов тизимидан фойдаланиш фуқаролар учун бепул ва амалга оширилган тўловлар учун комиссион тўлов олинмайди. Шунингдек, тўланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларига автоматик равишда қайд қилинади.

Солиқ кодексининг 120-моддасига асосан, белгиланган муддатдан кечиктириб тўланган солиқ суммасига ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади.

Матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси ходимлари оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан ўртага ташланган барча саволларига батафсил жавоблар бердилар.