АҚШнинг энг кучли юридик компаниялари ва Адлия вазирлиги ўртасида Ўзбекистонда юристларнинг малакасини ошириш бўйича Меморандумлар имзоланди, деб ёзади Адлия вазирлиги расмий сайти

Жорий йилнинг 20 сентябр куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбек-америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бизнес-форум ишида Ўзбекистон томонидан қатор давлат органлари, тижорат ташкилотлари ва молия институтлари вакиллари иштирок этишди. Америка томонидан АҚШ Давлат департаменти, Савдо департаменти, йирик компаниялар, корпорациялар ва банк муассасалари вакиллари иштирок этди.

Бизнес-форум дастурига мувофиқ, иқтисодий барқарорликни ошириш, инвестицион муҳитни яхшилаш ва Ўзбекистон молия секторини такомиллаштириш масалалари бўйича қўшма мажлислар ўтказилди. Давра суҳбати давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Р.Давлетов «Ҳуқуқий инфратузилмани ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш орқали инвестицион жозибадорликни ошириш» мавзусида маъруза қилди. Ҳисобот республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Адлия вазирлиги томонидан хорижий инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли ҳамда масалаларига бағишланган.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, бизнес-форум давомида Адлия вазирлиги АҚШнинг 5 та энг кучли юридик компанияси ҳисобланган «White & Case», «Sidley Austin», «Hogan Lovells», «Holwell, Shuster and Goldberg» ва «Foley Hoag» ҳамкорлари билан алоҳида учрашувлар ўтказди. Нью-Йоркда бўлиб ўтган ўзбек-америка ҳамкорлиги бизнес-форуми доирасида мазкур энг кучли юридик компаниялар ва Адлия вазирлиги ўртасида Ўзбекистонда юристларнинг малакасини ошириш бўйича Меморандумлар имзоланди. Унга кўра махсус марказ очилади ва унинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан қўллаб қувватланади.

Имзоланган ҳужжатлар доирасида халқаро инвестициялар ва тижорат низолари, адвокатлик техникаси масалалари бўйича тажриба алмашиш тренингларини ўтказиш ва юридик компанияларда вазирлик ҳамда идоралар ходимлари учун амалиётларни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу тадбирлар вазирлик ва идоралар ходимларининг халқаро ҳуқуқ ҳамда халқаро арбитраж масалалари бўйича билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилади.