Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан беҳаё ва зўравонлик мазмунидаги фотосуратлар, видеофильм ва роликларни божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтишга уринган бир гуруҳ “телеграмчилар” аниқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари “Новосибирск-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган поезд йўловчиси фуқаро Ж.Ж. йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим қилинмаган Samsung русумли уяли телефон борлиги аниқланди. Телефоннинг “Telegram” номли папкасида 12дона беҳаё мазмундаги видео ва 65 дона беҳаё мазмундаги фото файллар ҳамда ваҳшийликни тарғиб қилувчи видео ролик борлиги маълум бўлди.

Шунга ўхшаш ҳолатда “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган фуқаролар М.У. ва Б.З.лар божхона назоратидан четлаб олиб ўтмоқчи бўлган “Samsung” русумли уяли телефонларининг“ Telegram” папкасида 84 дона беҳаё мазмундаги видео файллар ва 255 дона фото суратлар борлиги маълум бўлди.Телефон эгалари қўл телефонларига фото ва видеофайллар қандай қилиб тушиб қолганидан гўёки бехабар экан.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 189-моддаси билан маъмурий иш юритилиб, кўриб чиқиш учун тегишли суд идораларига юборилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига кўра, порнографик, шунингдек зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.