САВОЛ: Менинг опам шу йилнинг май ойида қорнида боласи билан бева қолган эди, ҳозирда биз билан отамиз уйида яшамоқда. Опам илгари ишларди — лицейда она тилидан дарс берарди. Энди эса маҳалладагилар «ишлайдиганларга нафақа пули чиқармаймиз», дейишяпти. Улар талаб қилган ҳамма ҳужжатларни олиб бордик. Аммо барибир йўқ берилмайди, дейишяпти. Шу тўғрими?

Элдор Рўзиев.

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа эса – 12 ойга тайинланади, бироқ бола икки ёшга тўлган ойдан кейинги ойга ўтмаслиги кераклиги белгиланган. 

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Низомда 14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар); ногирон боласи (болалари) бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эгалиги  кўрсатилган.

Агар фуқаронинг яшаш шароити ва даромади  юқоридаги талабларга жавоб берган тақдирда худудлардаги маҳалла фуқаролари орқали нафақа ёки моддий ёрдамдан бирини олиш хуқуқига эга бўлади.

Саволга ҳуқуқшунос Фозилжон ХАТАМҚУЛОВ жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.