Машҳур "Шоушенкдан қочиш", "Яшил миля", "Нурланиш" ва жорий йилда экранларга чиққан "У" фильмларининг барчаси 21 сентябрда 70 ёшини қаршилаётган ва ҳаётлигидаёқ тирик афсонага айланган америкалик ёзувчи Стивен Кинг қаламига мансуб асарлар асосида суратга олинган.

Кинг "даҳшатлар қироли"  деб аталади. Унинг асарларида триллер, фантастика ва мистика ажабтовур тарзда қоришган ва эҳтимол, айнан шу сабабли бу асарларга китобхонлар ва режиссёрлар муҳаббати сўнмай келмоқда. Кинг фаолияти давомида 50 дан ортиқ роман ва бир неча юз қисса ва ҳикоялар ёзган, бироқ ўзи ҳам асарларидаги қаҳрамонлари тақдиридан қолишмайдиган фожиали ҳаётни бошдан кечирган.

Кинг 1947 йил 21 сентябрда Портлендда дунёга келган. У ёшлигида оғир касалликка учраган, 52 ёшида эса уни фургон уриб кетиши оқибатида ҳаётдан кўз юмишига бир бахя қолган. Ёзувчи 5 та операцияни бошдан кечирган ва узоқ вақт тикланиш курсидан ўтган.

Кинг ижод қиладиган жанрлар турфа хилдир: триллер, фантастика, мистика, драма. Кинг ёзувчилик фаолиятини бошлагандан бери унинг китоблари 350 млн дан кўпроқ нусхада сотилган, унинг асарлари асосида бир қатор бадиий фильмлар, телевизион постановкалар суратга олинган. 

Кинг ўзининг адабий истеъдодига доимо камтарона муносабатда бўлган ва муваффақиятни сотилган китобингдан тушган пуллар электр энергия ҳақини тўлашга етишида, деб ҳисоблаган. Кингнинг асарлари миллионлаб нусхаларда чоп этилади ва у ҳали ёзувчилик фаолиятини тугатиш ниятида эмас, чунки у ҳали айтмоқчи бўлган кўп гаплар бор.